XIII Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги бошланди
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида «INFOLIB O‘ZBEKISTON-2024» XIII Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги бошланди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Дилорам Тошмуҳамедова, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Миллий кутубхона раҳбарияти, ахборот-кутубхона марказлари нашриёт-матбаа мутахассислари, таниқли ёзувчи ва шоирлар, публицистлар, китобсевар мухлислар, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Агентлик директори Асаджон Хўжаев тантанали маросимда иштирокчиларни Ўзбек тили байрами билан самимий муборакбод этди ва давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган “Китобхон миллат” ғоясини амалга ошириш ишлари ҳақида тўхталди.
– “Китобхон миллат” ғоясини, китоблар тарғиботини амалга оширишда кутубхоначиларнинг ўрни беқиёс, – деди АОКА директори Асаджон Хўжаев. – Шу билан бирга, 60 нафарга яқин ташаббускор фуқароларимиз томонидан ташкил этилган хусусий кутубхоналар жамиятда мутолаа маданиятини юксалтиришда, китоб ўқиш кўникмасини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Демак, эндиги вазифамиз фаол кутубхоначилар ва кутубхона ташкил этган ташаббускор фуқароларимиз тарғиботи билан жиддий шуғулланишимиз керак. Шу мақсад йўлида фаол кутубхоначиларнинг ишларини оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг тарғиб қилишимиз мақсадга мувофиқ.
Айтиш керакки, «INFOLIB O‘ZBEKISTON-2024» XIII Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни билан уйғун тарзда ташкил этилганида ҳам ўзига хос рамзий маъно бор. Зеро, кутубхона, таълим-тарбия, миллий адабиётимиз ва она тилимиз бир-бири билан ўзаро уйғун ва боғлиқ масалалардир.

Тадбирда, шунингдек, ёзувчи ва шоирлар, жамоатчилик вакиллари сўзга чиқиб, ҳафталик доирасида ташкил этиладиган амалий семинарлар, очиқ мулоқотлар, миллий форум ва турли дастурлар кутубхоначилик, ноширлик ҳамда болалар адабиёти йўналишидаги долзарб муаммоларга ечим топишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Ушбу маърифий ҳафталикдан 30 дан ортиқ турли лойиҳалар ўрин олган. Ҳафта давомида давра суҳбатлари, ижодкорлар билан учрашувлар, китоб тақдимотлари, анжуманлар, маҳорат дарслари, концерт ва ижодий танловлар китобхонлар эътиборига ҳавола этилади.

Н.Усмонова, ЎзА