“World Savings Day – 2026”: ўқувчилар учун молиявий саводхонлик дарси
Кичик жамғармалардан катта орзулар сари. Бу сафар молиявий саводхонлик сабоқлари Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги Бўрижар маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги мактаб ўқувчилари учун қизиқарли ва интерактив шаклда ташкил этилди.
“World Savings Day – 2026” (Бутунжаҳон жамғариш куни) лойиҳаси доирасида “Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан ҳамкорликда банкка бириктирилган маҳалла кутубхонасида “Savings and Deposits” (Жамғарма ва омонатлар) мавзусида молиявий саводхонлик бўйича интерактив маҳорат дарси ўтказилди.
“Savings and Deposits” — жамғаришни болаликдан ўрганамиз
“Ўзмиллийбанк” АЖ учун ёш авлоднинг молиявий саводхонлигини ошириш — келажакда ўз маблағларини оқилона бошқара оладиган, масъулиятли ва мустақил фикрлайдиган авлодни тарбиялашга қўшилган муҳим ҳиссадир.

Машғулот давомида ўқувчилар пулни тежаш, шахсий маблағларни тўғри тақсимлаш, жамғарма шакллантириш ҳамда банк омонатларининг аҳамияти ҳақида дастлабки билимларга эга бўлди. Мавзу болаларнинг ёши ва қизиқишларига мос равишда, содда ҳаётий мисоллар ва интерактив усуллар орқали тушунтирилди. Ўқувчилар кундалик харажатлар, эҳтиёж ва истаклар ўртасидаги фарқ ҳамда ўз орзулари учун маблағ жамғаришнинг аҳамияти ҳақида фикр юритди.

Интерактив машғулотлар — билимни амалиётда мустаҳкамлаш
Учрашувнинг энг қизиқарли қисми болаларнинг фаол иштирокида ўтган интерактив машғулотлар бўлди. Савол-жавоблар, қизиқарли топшириқлар ва ҳаётий вазиятлар мисолида ўқувчилар ўз молиявий билимларини синаб кўриш, мустақил қарор қабул қилиш ҳамда жамғариш бўйича янги ғояларини ўртоқлашиш имкониятига эга бўлди. Бундай ёндашув молиявий тушунчаларни болалар учун янада қизиқарли ва тушунарли қилиш билан бирга, уларни фаол фикрлашга ва олган билимларини кундалик ҳаётда қўллашга ундади.

Маҳалла кутубхоналарида ташкил этилаётган бундай учрашувлар нафақат болаларнинг молиявий билимларини бойитиш, балки уларнинг китобхонликка, билим олишга ва шахсий ривожланишга бўлган қизиқишини рағбатлантиришга ҳам хизмат қилади. Зеро, катта молиявий мақсадлар кичик, аммо тўғри қадамлардан бошланади.
“Ўзмиллийбанк” АЖ
Матбуот хизмати