Рақамли кўникма: ёшлар келажак касбларига қандай тайёрланмоқда?
Рақамли технологиялар тараққиёти бугун давлатлар ривожи ва жамият фаровонлигини таъминлашда муҳим омилга айланмоқда. Шу боис юртимизда ёшларнинг рақамли кўникмаларини ошириш, инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш ва истиқболли стартап лойиҳаларини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, 2023 йилдан буён рақамли технологиялар йўналишидаги энг яхши стартап лойиҳаларини аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида “President Tech Award” танлови ўтказиб келинмоқда. Унда сунъий интеллект, ижтимоий технологиялар, MicroSaaS ва AdTech, молиявий технологиялар ва тадбиркорлик, ўйин дастурлари, шунингдек, махсус хакатон йўналишлари бўйича истиқболли лойиҳалар сараланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида ёшлар салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришда стартаплар, венчур молиялаштириш ва сунъий интеллектни ривожлантириш устувор йўналишлардан бири бўлишини таъкидлади.
Хўш, стартап лойиҳаларининг муваффақиятли ривожланиши учун қандай омиллар муҳим? Ёшлар ўз ғояларини амалий натижага айлантириш учун нималарга эътибор қаратиши керак?
“Growz” стартапи операцион директори ва ҳаммуассиси Лазиз Искандаровнинг фикрича, бу жараёнда менторлик, амалий тажриба ва ахборот технологияларини бошқа соҳалар билан уйғунлаштириш муҳим аҳамиятга эга.
– Стартапнинг муҳим таркибий қисмларидан бири – ментор. Бўлим раҳбари ёки тажрибали дастурчи ҳам менторлик қилиши мумкин. Бунда фақат назарий билим бериш эмас, балки амалий тажриба билан ўртоқлашиш, реал лойиҳалар устида биргаликда ишлаш муҳим. Бу ўрганиш ва ривожланиш жараёнини тезлаштиради.
Шахсий тажрибамдан келиб чиқиб, соҳада учта муҳим жиҳатни алоҳида таъкидлаган бўлардим. Биринчиси, амалиёт. Стартап жамоалари реал лойиҳалар билан ишлаши, аниқ мақсад ва вазифалар асосида тажриба орттириши керак.
Иккинчиси, IT йўналишини бошқа соҳалар билан уйғунлаштириш. Масалан, бизнинг лойиҳамизда ахборот технологиялари қишлоқ хўжалиги билан интеграция қилинган.
Фермер ва деҳқонларда агрономияга оид билимлар етарли бўлмагани сабабли айрим ҳолларда ҳосилнинг 30–40 фоизгача қисми йўқотилиши мумкин. Шу муаммони ҳал қилиш мақсадида “Growz” иловасини ишлаб чиқдик. У орқали фермер ва деҳқонларга мобиль телефонлари воситасида соҳага оид билимлар, зарур тавсиялар ва маълумотлар тақдим этилмоқда.
– IT Park билан ҳамкорлик стартапингизнинг ривожланиши ва халқаро бозорга чиқишида қандай аҳамият касб этмоқда?
– IT Park лойиҳамизни ривожлантириш ва халқаро бозорга олиб чиқишда катта кўмак бермоқда. Жорий йилда Буюк Британия, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар, Қозоғистон ва Қирғизистон бозорларига чиқдик. У ерларда инвесторлар ва ҳамкорларга тақдимотлар ўтказиб, стартапимизни таништирдик. Айрим ҳудудларда фаолиятимизни йўлга қўйишни ҳам бошладик.
Айниқса, инвесторлар ва ҳамкорлар билан учрашувларни ташкил этишда IT Park кўмаги катта бўлди. Лойиҳамизни Жаҳон банки ҳам қўллаб-қувватламоқда. Айни пайтда бир нечта инвестиция фондлари билан ҳамкорликда иш олиб боряпмиз.
Стартап фаолиятидаги мураккаб жараёнлардан бири – рақамлар билан ишлаш. Чунки ҳар бир кўрсаткични аниқ далиллар билан асослаш талаб этилади. Айниқса, бозор ҳажми, фойдаланувчилар сони ва бизнес-модель самарадорлигини рақамлар орқали исботлаш муҳим.
Ҳозирги кунда жамоамизни кенгайтириш мақсадида янги дастурчилар, шунингдек, сунъий интеллект муҳандисларини излаяпмиз. Чунки стартапимизнинг халқаро миқёсдаги фаолиятини кенгайтириш ва янги бозорларда ўз ўрнимизни мустаҳкамлаш жараёнини бошлаяпмиз.
Видеоси қуйида:
Абдулазиз РУСТАМОВ,
Ёқубжон МЕЛИБОЕВ (видео),
ЎзА