Навоий мероси — маънавият ва маърифатнинг беқиёс чашмаси
Бугун Навоий давлат университетида буюк мутафаккир, сўз мулки султони, туркий адабиётнинг улуғ намояндаси Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллигига бағишланган навоийшунослар форуми бўлиб ўтди.
Улуғ мутафаккирнинг бой адабий-илмий меросини чуқур ўрганиш, унинг бебаҳо асарларида мужассам бўлган адабий-эстетик қарашлар, умумбашарий қадриятлар ва маънавий-маърифий ғояларни кенг тарғиб этишга қаратилган анжуман чинакам илмий ва маърифий мулоқот майдонига айланди.

Анжуманда Алишер Навоийнинг туркий адабиёт тараққиётидаги беқиёс ўрни, ўзбек адабий тилининг шаклланиши ва ривожига қўшган улкан ҳиссаси, асарларининг бадиий-фалсафий моҳияти, шунингдек, навоийшуносликнинг бугунги долзарб масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Айниқса, буюк шоир меросини замонавий илмий ёндашувлар асосида тадқиқ этиш, унинг асарлари мазмун-моҳиятини ёш авлодга теранроқ тушунтириш ҳамда Навоий ижодига бўлган қизиқишни янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Мулоқот чоғида Алишер Навоий ижоди келажак авлод учун ҳаётий сабоқ, маънавий мезон ва улкан тафаккур мактаби экани эътироф этилди. Унинг асарларида улуғланган адолат, эзгулик, инсонпарварлик, илм-маърифат ва комиллик ғоялари асрлар оша инсониятни юксаклик сари чорлаб келаётгани алоҳида таъкидланди.
Мазкур форум буюк мутафаккир меросини янада теран англаш, навоийшунослик илмий мактабини ривожлантириш ҳамда илмий изланишлар самарадорлигини ошириш йўлидаги муҳим маърифий қадамлардан бири бўлди.
ЎзА