“World cleanup day”: республикамиз бир кунда 38 тонна чиқиндидан тозаланди
“Бутун Жаҳон тозалик куни” (“World cleanup day”) муносабати билан Чиқиндиларни бошқариш ва циркульяр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги томонидан республика бўйлаб “Ҳаёт учун жой ажратинг” шиори остида оммавий плоггинг эко-акцияси ташкил этилди.
Қайд этиш лозимки, мазкур тадбир 2018 йилдан бери сайёрамизни оммавий тарзда чиқиндилардан тозалаш мақсадида ўтказилиб келинади. Унда 211 та давлатдан шу пайтга қадар 114 млн киши иштирок этган. Ҳар йили дунё бўйлаб кенг нишонланиладиган ушбу эко санада Ўзбекистонда ҳам бутун республика бўйича соҳа ходимлари, экофаоллар, ёшлар, жамоатчилик вакиллари иштирокида плоггинг акциялари ўтказиб келинмоқда. Бу эко-табдирлар орқали аҳоли гавжум ҳудудларни чиқиндилардан тозалаш анаънага айланган.

Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани “Чимён” МФЙ ҳудудида ўтказилган эко-тадбирда агентлик масъуллари, тизим ташкилотлар ва санитар тозалаш корхоналари ходимлари, ёшлар, эко-фаоллар, оммавий ахборот воситалари вакиллари каби 5 минг нафардан ортиқ иштирокчи фаол иштирок этди. Экотадбир иштирокчилари томонидан жами 39 тоннага яқин чиқинди ҳудудлардан олиб чиқилди. Тўпланган чиқиндилар 45 та махсус чиқинди ташувчи техникалар орқали белгиланган тартибда бартараф этилди.
Акция давомида иштирокчилар мутасадди раҳбарлар бошчилигида белгиланган ҳудудни чиқиндилардан тозалашди. Жамоавий тарзда 9 гуруҳга бўлинган ҳолда ўзаро тозалик учун беллашиб, энг фаоллар ғолибликни қўлга киритди.

Якуний натижаларга кўра:
1-ўрин — Полигон дирекцияси жамоаси — 279 кг
2-ўрин — Аграр университет жамоаси — 220 кг
3-ўрин — 172-сон мактаб жамоаси — 95 кг
Плоггинг давомида Чимён маҳалла ҳудудидан жами 822 кг чиқинди йиғилди. Бундан ташқари, ёш эко-фаол рассомлар томонидан атроф-муҳитни озода сақлашга доир суратлар чизилди. Тадбир якунида ғолиб ва совриндор жамоалар, фаол ишитирокчи ҳамда ҳамкор ташкилотлар муносиб тақдирланди.

Маълумот ўрнида, мамлакатимизда ўтган 2025 йилда “World cleanup day” арафасида ўтказилган халқаро эко-акцияси доирасида ҳудудлар жами 55 тонна чиқиндидан тозаланган эди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА