Жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумлар ҳуқуқлари қандай таъминланмоқда?
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида Навоий вилоятидаги жазони ижро этиш муассасаларида қонунчиликка риоя этилишини таъминлаш, маҳкумларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз муомаланинг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.
Мазкур масала Сенатнинг 2026 йилга мўлжалланган иш режаси доирасида ўрганилган бўлиб, 26 - 27 октябрь кунлари ўтказилган мониторингда Сенат аъзолари, Омбудсман, Жазони ижро этиш департаменти, прокуратура вакиллари ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари иштирок этган.
Қайд этилганидек, Навоий вилоятидаги 5 та жазони ижро этиш муассасасида жами 8 минг 204 нафар маҳкум сақланмоқда. Мониторинг давомида Навоий шаҳридаги 4-сон ва Қизилтепа туманидаги 5-сон колониялар фаолияти бевосита ўрганилди.

Муҳокамада маҳкумларнинг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга ўқитиш, хорижий тилларни ўргатиш, компьютер саводхонлигини ошириш, тиббий хизмат кўрсатиш масалаларига, шунингдек, улар сақланадиган шароитлар ва мурожаатларини ҳал қилиш борасидаги ишларга эътибор қаратилди.
Меҳнатга лаёқатли 7 минг 275 нафар маҳкумдан 6 минг 647 нафари меҳнатга жалб этилган бўлиб, 2026 йилнинг тўққиз ойида уларга 22,9 миллиард сўмдан ортиқ иш ҳақи тўланган.

Шу билан бирга, жазони ижро этиш муассасаларида қонун устуворлигини таъминлаш, аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш, қийноқ ва бошқа шафқатсиз муомаланинг олдини олиш механизмларини такомиллаштириш ҳамда маҳкумларнинг жамиятга қайта мослашувига кўмаклашиш зарурлиги таъкидланди.
Мажлис якунида мониторинг натижалари ва билдирилган таклифлар асосида аниқланган муаммоларни бартараф этишга қаратилган қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА