Сайёр қабул: муаммоларни жойида ҳал этишда муҳим восита
O‘zLiDeP томонидан “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида Қонликўл туманида аҳоли муаммоларини ўрганиш ва уларнинг ечимини топишга қаратилган сайёр қабул ташкил этилди.
Унда O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Сағиндиқ Турманов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулжан Халмуратова, Қонликўл тумани ҳокими Бахрам Султанов, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, партия фаоллари ҳамда ёшлар иштирок этди.

Сайёр қабулда 180 нафарга яқин фуқаро қатнашиб, улар томонидан билдирилган 60 дан ортиқ масала кўриб чиқилди. Мурожаатларнинг бир қисми жойида ҳал этилди. 42 та мурожаат юзасидан эса фуқароларга ҳуқуқий тушунтириш ва амалий тавсия берилди.

Қабул давомида аҳолини қийнаётган бандлик, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ички йўлларни таъмирлаш, чорвачиликни ривожлантириш ва ижтимоий ёрдам масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Мурожаатларнинг ижобий ҳал этилишида мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда иш олиб борилди.
Тадбир доирасида “Юракка йўл” ва “Умид” акциялари орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож 3 та оилага уй-жойларини таъмирлаш учун 22 миллион сўм маблағ ажратишга кўмаклашишди. Шунингдек, 4 нафар фуқарони имтиёзли кредит олишга йўналтириш ва 7 нафар фуқаронинг бандлигини таъминлаш бўйича амалий чоралар кўрилди.

Бандлик масаласидаги мурожаатлардан бири ижобий ҳал этилгани “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Айжамол Матжанова учун, айниқса, муҳим бўлди. У тиббиёт коллежини тамомлаган бўлса-да, узоқ вақт давомида ўз мутахассислиги бўйича иш топа олмай юрган эди. Сайёр қабулдаги мурожаатидан сўнг депутат ва мутасаддилар кўмагида унинг Қонликўл тумани тиббиёт бирлашмасига ишга жойлашишига ёрдам берилди.
– Ишсизлигим сабабли хорижга ишлаш учун кетишга мажбур бўлган эдим. Аммо фарзандларимдан узоқда яшаб, ишлаш менга жуда қийин эди. Сайёр қабулда иш сўраб мурожаат қилдим. Депутатимиз туман тиббиёт бирлашмаси билан боғланиб, мутахассислигим бўйича ишга жойлашишимга кўмаклашди. Бунинг учун барчага миннатдорчилик билдираман, — дейди Айжамал Матжанова.
Бундай сайёр қабуллар партиянинг аҳоли билан бевосита мулоқотини мустаҳкамлаш, ҳудудлардаги долзарб масалаларни жойида ўрганиш ва уларни ҳал этишда муҳим восита бўлиб хизмат қилмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири