Волейбол: Осиё ўйинларига тайёргарлик ҳолати таҳлил қилинди
Жорий йилнинг 19 сентябрь-4 октябрь кунлари Япониянинг Аичи-Нагоя шаҳарларида XX ёзги Осиё ўйинлари бўлиб ўтади.
Осиёнинг 45 та мамлакат миллий терма жамоалари иштирокида ўтадиган XX ёзги Осиё ўйинларининг волейбол мусобақаларида эркаклар ҳамда соҳил волейболи бўйича эркаклар ва аёллар жамоалари ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.
Қитъа ўйинларига ташланган қуръа натижаларига кўра, волейбол мусобақаларида қатнашадиган Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси “А” гуруҳида Япония, Покистон ва Қозоғистон жамоалари билан баҳс олиб боради.
Соҳил волейболи бўйича Осиё ўйинлари доирасидаги мусобақаларнинг тақвим режаси яқин кунларда тасдиқланиши кутилмоқда.

Спорт вазирлиги, Ўзбекистон волейбол федерацияси мутасаддилари, мутахассислари волейбол ҳамда соҳил волейболи бўйича терма жамоа аъзолари, мураббийлар билан Осиё ўйинларига тайёргарликка бағишланган йиғилишда “кичик олимпиада”га ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўриш, юқори кайфият ва кучли руҳий ҳолатда майдонга чиқиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Ўзбекистон волейбол федерацияси раиси ўринбосари Жамшид Файзиев Осиё ўйинларининг аҳамияти, унда муносиб иштирок этишнинг муҳим жиҳатлари ҳақида сўз юритиб, давлатимиз томонидан яратиб берилган шарт-шароитларга, эътиборга жавобан ҳар бир спортчи, мураббийнинг олдида Ватан шарафини муносиб ҳимоя қилишдек масъулиятли вазифа турганини таъкидлади.
Муҳокамалар давомида ўйинлар жараёнида антидопинг талабларига риоя этиш, спортчиларнинг одоб-ахлоқи, жамоада соғлом муҳит ва спорт этикасига амал қилиши, кучли руҳий қувватга эга бўлган ҳолда профессионал ҳаракатларни амалга ошириши каби жиҳатлар ҳақида фикр-мулоҳазалар, зарур тавсиялар берилди.
Т.Рўзиев,
ЎзА