Ўзбекистон давлат спорт академияси талабалари 35 йилликнинг “35 000 ташаббус” лойиҳасида фаоллик кўрсатди
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллик шодиёналари ҳамда янги ўқув йилининг бошланиши олдидан Ўзбекистон давлат спорт академияси ректори Илҳомжон Турсуналиев спортчи-талабалар, мураббийлар билан суҳбатлашди. Мулоқот мазмуни мамлакатимизда “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” ғояси асосида оммавий спортни ривожлантириш, спорт инфратузилмасини янги босқичга олиб чиқиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида бўлди.
Учрашув давомида академия тизимида таҳсил олаётган талаба-ёшларнинг нуфузли мусобақаларда юксак натижаларни қайд этиши асносида юртимизда амалга оширилаётган турли йўналишлардаги ташаббусларда фаол қатнашиб келаётгани эътироф этилди.

Хусусан, ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган “35 000 ташаббус” умуммиллий ёшлар ҳаракатида академиянинг 100 нафарга яқин талаба-ёшлари фаоллик кўрсатиб, уларнинг 50 нафардан ортиғи ёшларнинг инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш, аҳоли ўртасида жисмоний фаолликни кенг тарғиб қилиш ва соғлом турмуш тарзини оммалаштиришга қўшган муносиб ҳиссаси учун тегишли сертификатлар билан тақдирлангани эътиборли бўлди.
Бундан ташқари, ўтаётган йилнинг ортда қолган 8 ойи давомида академиянинг талаба-спортчилари мамлакат чемпионатлари, халқаро турнирлар, қитъа ва жаҳон чемпионатларида 100 дан зиёд совринли ўринларга эгалик қилди, Ўзбекистон байроғини халқаро ареналарда сарбаланд этди.

Суҳбат давомида яқинда нуфузли халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этиб, олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритган, халқаро спорт ареналарида Ўзбекистон байроғини юксакларга кўтарган иқтидорли талаба-спортчиларнинг эришган ютуқлари нафақат академия, балки бутун мамлакатимиз спорти учун катта фахр экани таъкидланди.
Т.Рўзиев,
ЎзА