Жаҳон чемпионати: Ўзбекистонлик эшкак эшувчиларни жиддий синов кутмоқда
Польшадаги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон байдарка ва каноэчилари медаллар учун курашади. Бу мусобақа "Лос-Анжелес-2028" Олимпиадасига йўл очадиган муҳим босқич.
Польшанинг Познань шаҳрида байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича жаҳон чемпионати старт олди. Чемпионат «Malta Regatta Course» сув ҳавзасида 30 августга қадар ташкил этилади. Қувонарлиси, унда Ўзбекистон байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича миллий терма жамоаси жаҳоннинг кучли эшкак эшувчилари билан бир қаторда медаллар учун баҳс олиб боради.
Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, чемпионатга тайёргарлик жараёнида терма жамоа аъзолари Тошкент денгизида, шунингдек, Литва ва Польшада ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этди.
Жаҳон чемпионати спортчиларимиз учун нафақат медаллар, балки “Лос-Анжелес-2028” Олимпия ва Паралимпия ўйинлари йўлида муҳим рейтинг очколарини қўлга киритиш имкониятини беради.
Мусобақада Ўзбекистон шарафини Шаҳриёр Маҳкамов, Зиёдбек Йўлдошалиев, Олександр Зарубин, Самандар Ҳайдаров, Шаҳризода Мавлонова, Арина Танатмишева, Екатерина Шубина, Милана Душев-Янич, Артур Гулиев, Владлен Денисов, Диёрбек Маматқулов, Миржалол Комилов, Шоҳсанам Шерзодова ва Нилуфар Зокирова ҳимоя қилади.
Параканоэ дастурида эса Азизбек Абдуҳабибов, Ойбек Йўлдошалиев, Ҳасан Қўлдошев, Тўрабек Назарқулов, Ҳайтмурод Шерқўзиев, Фарида Абдураимова, Шаҳноза Мирзаева, Иродахон Рустамова ва Шаҳзода Мамадалиева юртимиз шарафини ҳимоя қилади.
Жаҳон чемпионатида байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича 200, 500, 1000 ва 5000 метр масофаларда, параканоэ дастурида эса 200 метр масофада баҳслар ўтказилади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА