Конлар бағридан уфқларга интилган саноат шаҳри
ФОТОРЕПОРТАЖ
Навоий вилоятининг тоғ ва саҳро ҳудудлари туташган манзилида жойлашган Ғозғон шаҳри ўзининг ноёб табиий бойликлари, кўп йиллик саноат анъаналари ва меҳнаткаш аҳолиси билан алоҳида ажралиб туради.
Ғозғон деганда, аввало, унинг заминидаги нодир табиий бойликлар — мармар ва гранит конлари кўз олдимизга келади. Асрлар давомида замин бағрида шаклланган ушбу қимматли тошлар бугун инсон меҳнати ва замонавий технологиялар уйғунлигида қазиб олиниб, сайқалланади. Улар юртимиздаги йирик қурилиш ва ободонлаштириш лойиҳаларида, меъморий иншоотлар ҳамда замонавий биноларни безатишда кенг қўлланилмоқда.
Тоғ бағридаги конларда кеча-ю кундуз давом этаётган меҳнат жараёнини кузатар экансиз, табиий бойликнинг иқтисодий қийматга айланишида инсон омили, тажриба ва замонавий техника нақадар муҳим эканини ҳис этасиз.
[gallery-31059]
Бугун шаҳарда саноат тармоғини ривожлантириш, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш, хомашёни чуқур қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Янги лойиҳаларни амалга ошириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва қўшимча иш ўринлари яратиш борасидаги ишлар эса ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини юксалтирмоқда.
Айниқса, мармар ва гранит каби экспортбоп маҳсулотларга бўлган талабнинг ортиб бораётгани Ғозғон саноати учун янги имкониятлар эшигини очмоқда. Маҳсулот сифатини ошириш, ишлаб чиқариш жараёнларини модернизация қилиш ва ташқи бозорларга чиқиш кўламини кенгайтириш орқали шаҳарнинг экспорт салоҳиятини янада юксалтириш мақсад қилинган.
Ғозғоннинг бугунги қиёфасида тоғлар бағридаги конлар, замонавий ишлаб чиқариш корхоналари ва бунёдкорлик жараёнлари ўзаро уйғунлашиб кетган. Бир томонда табиатнинг минг йиллик неъматлари қазиб олинса, иккинчи томонда инсон қўли билан уларга янги ҳаёт бахш этилмоқда.
Бугунги Ғозғон — нафақат мармар ва гранит диёри, балки саноат, меҳнат ва бунёдкорлик салоҳияти тобора юксалаётган шаҳар. Бу заминда яратилаётган янги қиймат, аввало, инсон меҳнати ва табиий бойликларни оқилона ўзлаштириш уйғунлигига таянади.
Суратларда:
Сирож АСЛОНОВ (сурат), ЎзА