Вэнс: Мағлубият сабаби – Эрон билан уруш
АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс таъкидлашича, Эрон билан уруш Республикачилар партиясининг оралиқ сайловдаги мағлубиятига асосий сабаб бўлган. Яъни, сайловчилар ҳукуматдан иқтисодий масалага кўпроқ эътибор қаратилишини кутган. Бу ҳақда DW хабар қилди.
– Мағлубиятимизнинг сабаби – уруш, Президент кеча кечқурун буни ўзи ҳам тан олди, – деб ёзган мулозим.
Унинг сўзларига кўра, асосий муаммо 2024 йил Трамп ва Вэнсни қўллаб-қувватлаган кўплаб сайловчилар бу гал Демократик партияга овоз берганида.
Вице-президент сиёсий жиҳатдан “энг ақлли мутахассислардан бири” деб ҳисоблайдиган, исми ошкор этилмаган социолог фикрига таяниб, сайловчилар ишончини қайта қозониш учун 4 муҳим йўналишни санаб ўтди: Эрон билан урушни тўхтатиш, аҳоли турмуш харажати ва инфляцияга эътибор қаратиш, “Америка манфаати биринчи ўринда” сиёсатини амалга ошириш ҳамда Исроил билан муносабатни қайта кўриб чиқиш.
Аввалроқ Америка етакчиси ҳам оралиқ сайловдаги мағлубият омили Эрон билан уруш эканини айтган эди.
– Эрон ҳам ўз таъсирини кўрсатди, – деган у “The Wall Street Journal” газетасига телефон орқали берган интервьюсида.
Трамп қароридан афсусланмаслигини ҳам таъкидлаган:
– Биз тўғри қилдик, агар вазият тақозо этса, яна шу ишни такрорлардик.
Президент фикрича, норозилик урушдан кўра, зиддият оқибатида нефть нархи ошгани билан боғлиқ.
Трамп Республикачилар партияси мағлубиятининг асосий сабаби сифатида эса ўз номзоди сайлов варақасида бўлмаганини кўрсатган.
Дастлабки маълумотга кўра, Республикачилар Сенатда камида 7, Вакиллар палатасида эса 29 ўринни йўқотди. Демократлар ҳар икки палатада ҳам кўпчиликни таъминлашга муваффақ бўлди.
Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА