Венесуэла: зилзиладан 28 кун ўтиб уч киши қутқариб олинди
Венесуэлада юз берган зилзиладан йигирма саккиз кун ўтгач, уч нафар шахс вайроналар остидан тирик ҳолда топилди. Таъкидланишича қутқарилганлар бетон конструкцияси остида қамалиб қолган бўлган. Омадни қарангки, улар қолиб кетган жойда маълум миқдорда озиқ-овқат ва сув ҳам бўлган.
Жабрдийдаларга дарҳол тиббий ва психологик ёрдам кўрсатилди. Мамлакат Миллий Ассамблея спикери Хорхе Родригеснинг сўзларига кўра, 24 июнь куни Венесуэлада содир бўлган иккита кучли зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 5208 га етди. 16 740 киши эса турли даражада жароҳат олди. 23 820 нафар аҳоли вақтинчалик бошпаналарда қолмоқда.

Венесуэла Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги “Экологик тикланиш режаси” бўйича фалокатдан энг кўп зарар кўрган шаҳар Ла Гуаиранинг қирғоқбўйи ҳудудини тозалаш ва қайта қуриш ишлари давом эттирилаётганини маълум қилди.
Дастур қирғоқнинг табиий мувозанати ва экотизимини тиклаш учун маҳаллий ўсимлик турларини экишни ўз ичига олади.
С.Раҳимов, ЎзА