ЮНЕСКО Яқин Шарқдаги 6 та ёдгорликни хавф остида деб тан олди
Себастия шаҳри (Иордан дарёсининг Ғарбий соҳили) ва Ливандаги бешта қалъа қуролли можаролар таъсири туфайли фавқулодда тартибда ЮНЕСКОнинг хавф остидаги Жаҳон мероси рўйхатига киритилди.
Жума куни Жанубий Кореянинг Пусан шаҳрида бўлиб ўтган ташкилот йиғилишида қўмита қарори билан олтита объект фавқулодда тартиб асосида бир вақтнинг ўзида ҳам асосий Жаҳон мероси рўйхатига, ҳам хавф остидаги мерос рўйхатига киритилди. Қарорга минтақада давом этаётган қуролли можароларнинг ушбу тарихий ёдгорликларга етказаётган зарари асос қилиб кўрсатилган.
Рўйхатга Ғарбий соҳилдаги қадимий Библия археологик мажмуа ва Ливан жанубидаги бешта қалъа киритилди. Улар орасида яқинда Исроил қўшинлари назоратига ўтган Бофор қалъаси ҳам бор.

Таъкидланишича, тузилмага аъзо давлатлар Исроил Ташқи ишлар вазирлигининг ушбу объектларни рўйхатга киритишга қарши олиб борган саъй-ҳаракатларига қарамай, қарорни маъқуллаган.
Ғарбий соҳилдаги Себастия тепалик устида жойлашган бўлиб, Наблус шаҳри яқинида қад кўтарган. Тарихчилар бу ҳудудни қадимги Исроил подшоҳлигининг пойтахти бўлган Самария шаҳри билан боғлайдилар. Унинг харобалари темир давридан тортиб, Рим, Византия ва ислом даврларигача бўлган тарихий қатламларни қамраб олади. Христиан ва ислом анъаналарига кўра, Яҳё пайғамбар ҳам шу ерда дафн этилган.
Фаластин расмийлари ушбу объектни ЮНЕСКО рўйхатига киритиш масаласини илк бор 2012 йилда кўтарган эди. Улар бу ташаббусни Исроил ҳукуматининг атрофдаги қарийб 200 гектар ерни миллий боғ ташкил этиш мақсадида ўзлаштириш режалари билан изоҳлаган.

Ливанда эса Жабал Омел минтақасидаги бешта қалъа Жаҳон мероси рўйхатига киритилди. Улар орасида ўрта асрларга оид Бофор қалъаси ҳам бор. У 1982 йилда Исроил томонидан эгалланган ва 2000 йилда қўшинлар чиқарилгунга қадар назорат остида бўлган. Кейинги даврдаги Исроил – Ҳизбуллоҳ зиддияти даврида эса қалъа яна Исроил кучлари назоратига ўтган.
Ливан Маданият вазирлиги маълум қилишича, Исроилнинг ҳарбийлари бешта қалъадан бири – Шамаа қалъасига жиддий зарар етказган ва Бофор қалъасига ҳам таҳдид солмоқда. Исроил эса бу даъволарни рад этиб, Ҳизбуллоҳ Бофор қалъасидан ҳарбий мақсадларда фойдалангани, унинг остида туннеллар барпо этганини таъкидламоқда.
Ливан делегати бу даъвони рад этиб, Исроил қўшинлари 2000 йилда мамлакат жанубидан чиқарилганидан кейин қалъалар фақат сайёҳлик мақсадларида фойдаланилганини билдирди. Бу баҳс Исроил ва БМТнинг маданият масалалари бўйича ташкилоти ўртасидаги кенгроқ зиддиятни акс эттиради. Исроил 2019 йилда ЮНЕСКОни бир томонлама ёндашувда айблаб, ташкилот таркибидан чиққан ва ҳозирда фақат кузатувчи мақомида иштирок этмоқда.

Исроил ташқи ишлар вазири Ғарбий соҳилдаги объектнинг рўйхатга киритилишини “яҳудийларнинг бу ер билан тарихий алоқасини йўқ қилишга уриниш” деб баҳолади. Фаластин делегати эса Себастия аҳолисини “ишғол, чекловлар ва уларнинг бу ҳудуд билан алоқасини узишга қаратилган такрорий уринишларга қарамай” тарихий меросни асраб келаётгани учун олқишлади.
Жорий ҳафта бошида Ливандаги қадимий Тир шаҳри ҳам хавф остидаги Жаҳон мероси рўйхатига киритилган эди.
Ў.Алимов, ЎзА