2026 йилнинг энг кучли паспортлари маълум бўлди
Дунё давлатлари паспортларининг халқаро рейтинги ҳисобланган “Henley Passport Index”нинг жорий йилги натижалари эълон қилинди. Ушбу баҳолаш фуқаролар олдиндан виза расмийлаштирмасдан неча мамлакатга бориши мумкинлигига қараб шакллантирилади ва Халқаро ҳаво транспорти уюшмаси (IATA) маълумотларига асосланади. Бу йил ҳам Сингапур биринчи поғонани сақлаб қолиб, унинг фуқаролари 192 та давлат ва ҳудудга эркин сафар қилиш имконига эга экани қайд этилди.
Иккинчи ўринни Япония, Жанубий Корея ва Бирлашган Араб Амирликлари эгаллади. Ушбу мамлакатлар фуқаролари 188 та давлат ва ҳудудга визасиз кириши мумкин. Кейинги поғонадан Швеция жой олди. Ундан кейинги ўринларда Бельгия, Дания, Финляндия, Франция, Германия, Ирландия, Италия, Люксембург, Нидерландия, Норвегия ва Испания қайд этилди. Австрия, Греция, Мальта, Португалия ҳамда Швейцария эса биринчи бешликни якунлади.
Рейтинг натижалари Европа давлатларининг халқаро сафар имкониятлари ҳали ҳам жуда юқори эканини кўрсатди. Кучли ўнталикдан 29 та Европа мамлакати ўрин олди. Бироқ барча ўлкалар бир хил кўрсаткичга эга эмас. Масалан, Беларус фуқаролари 78 та, Косово фуқаролари эса 83 та давлатга визасиз бориши мумкин. Шу билан бирга, Косово кейинги ўн йил давомида энг тез ўсиш қайд этган мамлакатлардан бири бўлиб, 2016 йилдан бери 35 поғона юқорига кўтарилди.
Сўнгги йигирма йилда энг катта сакрашни БАА амалга оширди. Мамлакат бу даврда 60 поғона юқорилаб, бугун иккинчи ўрингача етди. АҚШ эса 180 та давлатга визасиз кириш ҳуқуқи билан ўнинчи ўринни сақлаб қолди. Рейтинг муаллифлари таъкидлашича, кучли паспорт бугунги кунда фақат сафар эркинлигини эмас, балки давлатнинг иқтисодий қудрати, халқаро нуфузи ва сиёсий барқарорлигини ҳам акс эттирувчи муҳим кўрсаткичга айланиб бормоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА