Веломарафон: соғлом ҳаёт ва тоза ҳаво сари
22 сентябрь — Халқаро автомобилсиз кун муносабати билан Жиззах шаҳрида “Саломатлик сари йўл” шиори остида оммавий веломарафон ўтказилди.
Тадбирнинг асосий мақсади аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, жисмоний фаолликни ошириш ҳамда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишга жамоатчилик эътиборини янада кучайтиришдан иборат бўлди. Бундай ташаббуслар транспорт воситаларидан фойдаланишни қисқа муддатга чеклаш орқали шаҳар муҳитига эътибор қаратиш, пиёда юриш ва велосипедда ҳаракатланиш каби фаол турмуш тарзини рағбатлантиришга хизмат қилади.

Жиззах вилоят ҳокимлиги, вилоят экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси ҳамда вилоят спорт бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган веломарафон эрта тонгдан бошланди. Жиззах шаҳри, Сайилжойи маҳалласидаги Жиззах олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази олдига корхона ва ташкилотлар вакиллари, талабалар ҳамда кенг жамоатчилик тўпланди.

Иштирокчилар велосипедларини шай ҳолатга келтириб, белгиланган йўналиш бўйича ҳаракатни бошлади. 4 километр масофани қамраб олган оммавий велопойга нафақат спорт тадбири, балки Халқаро автомобилсиз куннинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган тарғибот акцияси сифатида ҳам аҳамият касб этди.

Велосипед – инсон саломатлиги ва атроф-муҳитга бир вақтда фойда келтирадиган ҳаракат воситаларидан бири. Шу боис бу каби оммавий тадбирлар жамиятда соғлом одатларни қарор топтириш, экологик маданиятни юксалтириш ва табиатга эҳтиёткорона муносабатни кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга.

Марафон якунида фаоллик кўрсатган ғолиб ва совриндорлар ҳомийларнинг қимматбаҳо ва эсдалик совғалари билан муносиб тақдирланди.

Тадбир иштирокчиларининг велосипедда бир мақсад сари ҳаракатлангани Жиззахда соғлом турмуш тарзи, экологик масъулият ва жамоавий фаолликни уйғунлаштирган ташаббусларга қизиқиш юқори эканини яна бир бор намоён этди.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири