Россиялик сумо усталари Ўзбекистонда машғулот ўтказади
Сумо спорт тури бўйича Россия терма жамоаси аъзолари октябрь ойида Озарбайжонда ўтадиган жаҳон чемпионатига тайёргарлик машғулотларини Ўзбекистонда ўтказади.
Ўзбекистон сумо федерацияси хабарига кўра, жорий йилнинг 1–7 октябрь кунлари Ангрен шаҳри, “Янгиобод” ўқув базасида Ўзбекистон ва Россия сумо федерациялари ҳамкорлигида халқаро қўшма ўқув-машғулот йиғини ташкил этилади.
Йиғинда икки давлатнинг кучли сумочилари иштирок этиб, қўшма машғулотлар, назорат жанглари ва тажриба алмашинувлари кўзда тутилган.

“Ушбу йиғин энг аввало жорий йилнинг 17-18 октябрь кунлари Баку шаҳрида ўтадиган жаҳон чемпионатига тайёргарликнинг якуний босқичи ҳисобланиб, спортчиларнинг маҳоратини ошириш, халқаро тажриба алмашиш ва Ўзбекистон ҳамда Россия ўртасидаги сумо соҳасидаги ҳамкорликни янада кучайтиришга қаратилган”, дейди Ўзбекистон сумо федерацияси раиси Камол Усмонов.
Т. Рўзиев, ЎзА