Университет талабаси олтин медални қўлга киритишга мувфффақ бўлди
Гулистон давлат университети Спорт фаолияти факультетининг 4-босқич талабаси Ҳилола Ортиқбоева Тошкентда ўтказилган CISM I-жаҳон ҳарбий кураш Чалленгеида олтин медалга сазовор бўлди.
2026 йил 10–15 сентябрь кунлари ўтказилган мусобақада турли давлатлардан келган ҳарбий спортчилар кураш бўйича баҳс олиб боришди. Аёллар ўртасида -57 килограмм вазн тоифасида иштирок этган Ҳилола Ортиқбоева барча рақибларини мағлуб этиб, биринчи ўринни эгаллади.

Мазкур мусобақа Халқаро ҳарбий спорт кенгаши (CISM) томонидан ташкил этилган бўлиб, ҳарбий кураш бўйича илк жаҳон мусобақаси сифатида ўтказилди.

Ҳилола Ортиқбоеванинг ғалабаси Гулистон давлат университети жамоаси учун ҳам қувонарли воқеа бўлди.

— Ҳилола Ортиқбоеванинг CISM I-жаҳон ҳарбий кураш Чалленгеида олтин медални қўлга киритгани университетимиз жамоаси учун қувонарли воқеа бўлди. Айниқса, сўнгги вақтларда талабаларимиз халқаро мусобақаларда муносиб натижаларга эришаётгани биз учун муҳим ғоят қувончли кечмоқда. Яқинда талабамиз Сардорбек Аҳатқулов Қирғизистон Республикасида ўтказилган VI Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларида белбоғли кураш бўйича 82 килограмм вазн тоифасида олтин медални қўлга киритди. Гуманитар фанлар ва жисмоний маданият факультетининг 2-босқич талабаси Сўғдиёна Абдукаримова Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида ўтказилган бадминтон бўйича Марказий Осиё чемпионатида U23 ёш тоифасида иккита бронза медалига сазовор бўлди. Жисмоний маданият йўналиши талабаси Басимахон Сатторова эса Владивосток шаҳрида ўтказилган V Халқаро Владивосток регатасида 2000 метр масофани 7 дақиқа 23,9 сонияда босиб ўтиб, олтин медални қўлга киритди. Бундай натижалар талабаларимизнинг спортдаги салоҳиятини намоён этиб, халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этаётганини кўрсатади. Университетимизда талабаларнинг таълим олиши билан бир қаторда спортдаги иқтидорини ривожлантириши ва юқори натижаларга эришиши учун зарур шароитларни яратишга эътибор қаратилмоқда, — деди Гулистон давлат университети проректори Нурбек Аяқулов.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири