Вазир ёш волонтёрлар билан учрашди
Пойтахтимизда “Ёшлар куни” муносабати билан Фавқулодда вазиятлар вазири генерал-майор Азизбек Икрамов ва Фавқулодда вазиятлар волонтёрлари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида вазир ёшлар билан очиқ ва самимий мулоқот қилиб, ўзининг хизмат фаолияти, тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар, соҳадаги янгиликлар ҳамда ҳаётий тажрибалари билан ўртоқлашди.

Шунингдек, ёш қутқарувчи-волонтёрларнинг тақдимотлари тингланиб, улар томонидан илгари сурилаётган лойиҳалар, ташаббуслар ва таклифлар билан танишилди. Ёшларнинг фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ва профилактика ишларидаги фаоллигини қўллаб-қувватлаш муҳимлиги таъкидланди.

Мулоқот давомида масъулларга волонтёрлик гуруҳлари фаолиятини янада такомиллаштириш, “маҳалла – волонтёр – давлат инспектори” ўртасидаги узвий ҳамкорликни самарали йўлга қўйиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Учрашув якунида ёш қутқарувчи-волонтёрларнинг ташаббускорлиги, фидойилиги ва хавфсизликни таъминлашдаги иштироки юксак баҳоланди.
Г.Бобоева, ЎзА