Кредит қарздорликни бошқа шахс номига ўтказса бўладими?
Ҳуқуқий муносабат
Бугунги кунда банк кредитлари ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Бироқ молиявий шароитнинг ўзгариши, кутилмаган ҳаётий вазиятлар ёки гаровдаги мулкни, жумладан, автомобиль ёки уйни сотиш зарурати туфайли кўпчиликда бир савол туғилади: «Бўйнимдаги кредит мажбуриятини расмий равишда бошқа одамга ўтказиб юборсам бўладими?» Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги бундай амалиётга рухсат беради, аммо бу жараёнда ўзига хос қатъий талаблар ва ҳуқуқий қоидалар бор.
Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Имомали Туев бу борада қуйидагича тушунча берди:
– Фуқаролик кодексининг 322-моддасига биноан, қарздорнинг ўз қарзини бошқа шахсга ўтказишига фақат кредиторнинг розилиги билан йўл қўйилади. Шунингдек, янги қарздор кредитор билан дастлабки қарздор ўртасидаги муносабатларга асосланган барча эътирозларни кредитор талабига қарши қўйишга ҳақли.
Агар кафил ёки гаровга қўювчи янги қарздор учун жавоб беришга рози бўлмасалар, қарз бошқа шахсга ўтказилиши билан кафиллик ёки учинчи шахс томонидан белгиланган гаров бекор бўлади. Демак, банк рози бўлса юқоридаги ҳаракатларни амалга ошириш мумкин бўлади.
Асос: Фуқаролик кодекси.
Гулноза Бобоева, ЎзА