Вазир арзонлаштирилган байрам ярмаркасини ўрганди
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги байрами нишонланаётган айни кунларда аҳолини сифатли, сархил ва ҳамёнбоп озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳридаги деҳқон бозорларида арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ташкил этилди. Улардаги нархлар ҳақиқатдан ҳам арзонми, шу кунларда мутасаддилар томонидан бу масалага ойдинлик киритиш мақсадида ўрганишлар олиб борилмоқда.
Бозорларда харидор, сотувчиларга етарлича шароит яратилганини ўрганиш мақсадида Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов ва масъуллар Олмазор туманидаги деҳқон бозорида ташкил этилган байрамолди савдо ярмаркасига ташриф буюришди. Бу ердаги савдо жараёнлари, маҳсулотлар сифати, уларнинг етказиб берилиши ҳамда нарх-наво ишчи гуруҳ томонидан кўздан кечирилди.
Ярмаркага Сурхондарё вилоятидан турли хил мева-сабзавотлар, полиз экинлари, картошка, пиёз, сабзи, карам, помидор, бодринг, қовун-тарвуз, шунингдек, бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб берилмоқда. Маҳсулотлар аҳолига бозор нархларига нисбатан қулай ва арзон нархларда таклиф этилаётгани харидорлар учун айни муддао бўлмоқда.

Ўрганишлар давомида вазир савдо расталаридаги маҳсулотларнинг мўл-кўллиги, сифати ва нархларининг мақбуллигига алоҳида эътибор қаратди. Харидорлар билан суҳбатлашиб, уларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифларини тинглади. Аҳоли учун кундалик эҳтиёжда зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини етарли миқдорда ва узлуксиз етказиб бериш муҳимлиги таъкидланди.
Масъулларга ярмаркаларни маҳсулотлар билан мунтазам таъминлаш, савдо расталаридаги ассортиментни янада кенгайтириш, маҳсулотларнинг сифати ва санитария талабларига риоя етилишини назорат қилиш, нархларнинг асоссиз ошиб кетишига йўл қўймаслик ҳамда харидорлар учун қулай ва маданиятли савдо шароитларини яратиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.

Шунингдек, байрамолди савдоларда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва фермер хўжаликлари иштирокини кенгайтириш, маҳсулотларни бевосита ишлаб чиқарувчилардан истеъмолчиларга етказиб бериш орқали ортиқча воситачилик харажатларини камайтириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Бундай арзонлаштирилган ярмаркалар аҳолининг байрам дастурхонини тўкин қилиш, сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини қулай нархларда харид қилиш имкониятини кенгайтиришга, ички бозорда маҳсулотлар мўл-кўллигини таъминлаш ва нархлар барқарорлигини сақлашга хизмат қилмоқда.
Санжар Тошпўлатов, ЎзА