Бошқарув самарадорлиги агентлиги: очиқлик ва шаффофлик таъминланмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги Андижон вилояти филиали томонидан жорий йилнинг тўққиз ойи давомида амалга оширилган ишлар юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.
Бошқарув самарадорлиги агентлиги Ахборот хизмати раҳбари Севара Зокирова, вилоят филиали мутасадди ва мутахассислари, оммавий ахборот воситалари, матбуот хизматлари вакиллари иштирок этган матбуот анжуманида филиал томонидан амалга оширилган ишлар бўйича маълумотлар тақдим этди.
- Ҳар қандай корхона, ташкилот, тизимнинг қай даражада ривожланиши, очиқлик ва шаффофликнинг таъминланиши кўп жиҳатдан малакали ва салоҳиятли кадрлар, хусусан, бошқарув соҳаси кадрларига боғлиқ, - дейди филиал бошлиғи Муҳитдин Қўлдошев. – Шу боис, жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи мобайнида филиал кадрлар салоҳиятини оширишга қаратилган устувор ва бошқа барча йўналишлар бўйича самарали ишларни амалга оширди. Давлат органларида натижага асосланган бошқарув тизимини жорий этиш, ҳудудларда янги имкониятларни аниқлаш ва бошқарув самарадорлигини ошириш, шунингдек, давлат органларида инсон ресурсларини бошқариш ва уларнинг салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган зарур ишлар олиб борилди. Жумладан, натижага асосланган бошқарувни жорий этиш мақсадида “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман (шаҳар)” мақомидаги Асака ҳамда Шаҳрихон туманларида ҳоким ўринбосарлари ҳамда ҳокимлик ходимларининг KPI кўрсаткичлари ишлаб чиқилди.
[gallery-31868]
Анжуманда ҳудудларда “ўсиш нуқта”лари ва ишга солинмаган имкониятларни аниқлаш ҳамда ҳудудларнинг комплекс ривожлантириш мақсадида Пахтаобод, Бўстон туманларининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш масалалари бўйича сунъий интеллект, рақамли технология моделларидан фойдаланган ҳолда чора-тадбирлар ишлаб чиқилганлиги, шунингдек, вилоятдаги қолган туман, шаҳарлар таҳлил қилиниб, сунъий интеллект ёрдамида ҳудудларнинг ишга солинмаган имкониятларини амалиётга татбиқ этиш бўйича ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Айниқса, давлат хизматларига муносиб кадрларни жалб этиш, истиқболли раҳбар кадрлар захирасини шакллантириш ҳамда давлат хизматчиларининг ўсишига кўмаклашиш, давлат хизматида замонавий «HR» тизимини жорий этиш ва давлат органларининг кадрлар сиёсатини мувофиқлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилганлиги қайд этилди.
Ўтган давр мобайнида вилоятдаги давлат органлари ва ташкилотлар, туман, шаҳар ҳокимликларининг 1 минг 96 та вакант лавозимига танлов эълон қилиниб, уларда 41 мингга яқин номзод иштирок этган. Ўтказилган танловларда 948 нафар ғолиб аниқланиб, вакант лавозимлар салоҳиятли кадрлар билан тўлдирилди.
Бундан ташқари, давлат фуқаролик хизматчиларининг касбий билим, малака ва тажрибасини ошириш мақсадида ҳудудларда фаолият олиб бораётган 88 нафар ўрта ва қуйи бўғин раҳбарлари, 108 нафар кадрлар билан ишловчи бўлинмалар раҳбар ва мутахассислари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси ҳудудий бўлимида малака оширди.
Кадрлар захирасини шакллантириш мақсадида “Миллий кадрлар захираси”га 110 нафар номзод танлаб олинди. Ҳудудий бошқармалар, туман, шаҳар ҳокимликларида фаолият юритаётган, шунингдек, туман, шаҳар ташкилотлари раҳбарларининг “Истиқболли кадрлар захираси” шакллантирилди.
Маҳалла тизимида фаолият олиб бораётган интеллектуал салоҳияти, фаолият кўрсаткичлари юқори бўлган маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари, хотин-қизлар фаоллари ва ижтимоий ходимлардан “Салоҳиятли кадрлар захираси”га номзодлар саралаб олинди.
Анжуманда давлат фуқаролик хизматига салоҳиятли ёш кадрларни саралаб олиш, давлат фуқаролик хизматчиларининг ижтимоий муҳофазасини таъминлаш, тарғибот тадбирларини ташкил этиш, коррупция ҳолатларнинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида ҳам маълумотлар берилди.
Матбуот анжумани доирасида Бошқарув самарадорлиги агентлиги Андижон вилояти филиали бошлиғи ўринбосари Ҳаётбек Акбаровнинг “Ортга қайтмас ислоҳотлар” мавзусида агентлик томонидан тизимни такомиллаштириш натижасидаги ўзгаришларга бағишланган тақдимоти билан танишилди.
Анжуманда ОАВ ва ахборот хизматлари вакиллари Бошқарув самарадорлиги агентлиги Андижон вилояти филиали фаолияти билан боғлиқ ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олди.
Якунда филиал ҳамда оммавий ахборот воситалари, ахборот хизматлари ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари.