Ватанга хизмат чегара билмайди (+видео)
Яқинда Тошкентда бўлиб ўтган “Uz Global Think” халқаро форуми хорижда истиқомат қилаётган, илм-фан, таълим, иқтисодиёт, инновация, технология ва маданият соҳаларида фаолият юритаётган ватандошларимизни бир мақсад атрофида жамлади.
15 мамлакатдан 40 нафар ватандош иштирок этган анжуман уларнинг Ўзбекистон тараққиётига қўшаётган ҳиссаси ва келгусидаги ҳамкорлик имкониятларини намоён этди.
Бугун Берлиндаги Gumboldt университетида фаолият юритаётган Аҳмад Ҳамидов ҳам илм-фанни амалиёт билан уйғунлаштирган қатор лойиҳалари билан Ўзбекистон тараққиётига ўз ҳиссасини қўшмоқда.
— Германияда турли жамиятлар, жумладан, ўзбеклар бирлашиб, мунтазам равишда учрашиб, фикр алмашиб турамиз. Асосий мақсадимиз — Ўзбекистонга қандай ёрдам бериш, айниқса, илм-фан соҳасида қандай кўмак кўрсатиш мумкинлигини муҳокама қилиш, — дейди Аҳмад Ҳамидов.
Унинг таъкидлашича, айни пайтда Ўзбекистон билан ҳамкорликда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги ва экологик муаммоларга илмий ечим топишга қаратилган бир нечта лойиҳа амалга оширилмоқда.
Шулардан бири Когон туманидаги лойиҳамиз коллектор-зовур сувларини махсус технология асосида тозалаш ва қайта ишлаш орқали қишлоқ хўжалигида фойдаланиш имкониятини яратишга қаратилган. Бу нафақат сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, балки қишлоқ хўжалигида самарадорликни оширишга ҳам хизмат қилади.
Яна бир лойиҳа йиғиб олинган ўсимликлардан арзон электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятларини ўрганишга қаратилган. Яъни табиатдаги чиқиндиларни фойдали ресурсга айлантириш орқали ҳам иқтисодий, ҳам экологик самарага эришиш кўзда тутилмоқда.
Ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналиши — замонавий лаборатория ташкил этиш. Германиядан олиб келинган махсус жиҳозлар ёрдамида тупроқнинг шўрланиш даражаси, сув таркиби ва бошқа муҳим кўрсаткичлар ўрганилмоқда.
Эътиборлиси, бу тадқиқотлар фақат лаборатория билан чекланиб қолмаяпти. Махсус жиҳозлар билан таъминланган мобил лаборатория орқали мутахассислар бевосита фермерлар даласига бориб, таҳлилларни жойнинг ўзида амалга оширмоқда. Бу эса муаммони тез аниқлаш ва фермерга амалий тавсия бериш имконини яратмоқда.
Дарҳақиқат, хорижда орттирилган илмий тажриба, замонавий технология ва янги ғояларни Ўзбекистон тараққиётига йўналтириш — бугунги ватандошларимизнинг муҳим ташаббусларидан бири.
Нигора Раҳмонова,
Салим Обиджонов (монтаж),
ЎзА