Ёлғиз қариялар ва ногиронлиги бўлган шахсларга амалий кўмак бериш тизими янги босқичга кўтарилди
Мустақилликнинг 35 йиллиги
Мустақилликнинг энг муҳим мезонларидан бири, аввало, инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашда намоён бўлади. Айниқса, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ўзгалар парваришига муҳтож фуқароларга кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар унинг асоси бўлмоғи лозим.

Юртимизда бу борада амалга оширилаётган ишларга назар ташлар эканмиз, Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказларидаги ўзгаришлар чин маънода эътиборга молик эканига гувоҳ бўламиз.
Хусусан, мазкур ёндашув асосида оддий маиший ёрдам кўрсатишдан ижтимоий хизмат, реабилитация, бандлик ва жамиятга интеграция қилиш тизимигача бўлган жараёнлар қамраб олинмоқда.
Бунинг муҳим ҳуқуқий асосларидан бири Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 27 декабрдаги “Ўзгалар парваришига муҳтож кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қароридир. Ҳужжатда ижтимоий хизматларни рақамлаштириш, уларни маҳалла даражасида ташкил этиш, қамровини кенгайтириш, ногиронлиги бўлган шахслар ва кексаларнинг мустақил ҳаёт кечириши учун шароит яратиш вазифалари белгиланган.
Ушбу сиёсатнинг амалий механизмларини белгилаб берган муҳим ҳужжатлардан яна бири – Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 майдаги “Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қароридир. Унда марказларнинг фаолияти, уларга жойлаштириш тартиби, ижтимоий ва реабилитация хизматлари, шунингдек, ижтимоий-меҳнат реабилитация хоналарини ташкил этиш каби механизмлар белгилаб берилган.
Бугун Тошкент шаҳри ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази мисолида ҳам бу ўзгаришларни яққол кўриш мумкин. Марказнинг дастлабки бинолари 1968 йилда қурилган бўлса, 2017–2018 йилларда эски бинолар тўлиқ реконструкция қилиниб, янгилари барпо этилди. Бу, аввало, марказда яшовчи кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун хавфсиз, замонавий ва қулай муҳит яратишга хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбари 2021 йилда марказга ташриф буюргач, ҳудудда Маданият маркази ва нуронийлар истироҳат боғи барпо этилди. Бу эса инфратузилмага бўлган ёндашув фақат яшаш ва парвариш билан чекланмаётганини кўрсатади. Бугун марказда жами 220 та ўрин мавжуд. Шундан 120 таси бюджет асосидаги, 100 таси пуллик хизматлар учун ажратилган. Доимий яшовчилар 120 нафар бўлиб, уларнинг 64 нафари эркаклар, 56 нафари аёллардир. Марказда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз кексалар ҳам истиқомат қилмоқда. Бу рақамлар марказ фаолиятида турли эҳтиёжларга эга аҳоли қатлами учун бир вақтнинг ўзида бир нечта хизмат шакллари йўлга қўйилганини кўрсатади. Жумладан, стационар, кундузги қатнов ва мобиль хизматларнинг йўлга қўйилгани ижтимоий ҳимоя тизимидаги муҳим ўзгаришлардан биридир.
Бепул стационар хизматда фуқаролар белгиланмаган муддат давомида марказда қолиши мумкин. Пуллик стационар хизмат қисқа ёки узоқ муддатга кўрсатилади. Кундузги қатнов шакли эса фуқаронинг марказга келиб, зарур хизматларни олиб, кейин ўз хонадонга қайтиши имконини беради. Мобиль хизматлар орқали эса мутахассислар ёрдамга муҳтож шахсларнинг хонадонларига бориб хизмат кўрсатади.
Ҳозирда “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида реабилитация хизматлари кўрсатилмоқда. Бу тизимнинг аҳамияти инсоннинг ижтимоий хизматдан фойдаланиши учун уни албатта муассасага жойлаштириш талаб этилмайди. Аксинча, хизмат шакли фуқаронинг эҳтиёжи, функционал ҳолати ва ҳаёт тарзига мослаштирилмоқда. Юқоридаги қарорда ҳам мобиль, кундузги қатнов, қисқа ва узоқ муддатли ижтимоий ҳамда реабилитация хизматларини ривожлантириш назарда тутувчи вазифалар белгиланган.
Дарҳақиқат, ижтимоий ҳимоянинг асосий мақсади – инсоннинг фақат кундалик эҳтиёжларини қондириш эмас, балки унинг имкониятларини сақлаб қолиш ва ривожлантиришдир. Кексаларнинг мустақил ҳаёт кечириш имкониятларини баҳолашда Бартел–Лаутон шкаласидан фойдаланиш, уларнинг функционал ҳолатини кузатиб бориш ва реабилитация самарадорлигини баҳолаш тизимининг жорий этилиши ҳам хизматларни шахс эҳтиёжига мослаштириш имконини беради.
Қарорда ижтимоий хизматлар сифатини мониторинг қилиш ва хизмат олувчининг натижаси, самарадорлиги ҳамда қониқиш даражасини баҳолашга алоҳида эътибор қаратилган. Айни мақсадда марказда меҳнат терапияси йўналишининг ташкил этилгани ижтимоий мослашувнинг яна бир муҳим жиҳатидир.Тадбиркорлар билан ҳамкорликда дастурхон тикиш, кийим бичиш каби ишлаб чиқариш жараёнлари йўлга қўйилган. Шунингдек, турли қизиқиш ва қобилиятларни ривожлантиришга қаратилган тикиш ва тўқиш, дурадгорлик ва косибчилик, ашула ва рақс, шахмат-шашка тўгараги, боғдорчилик ва арт-терапия тўгараклари ташкил этилди.
Бу ерда кекса ёки ногиронлиги бўлган шахсни фақат ёрдам олувчи сифатида кўришдан воз кечилиб, унинг мавжуд қобилияти ва қизиқишларини ишга солишга ҳаракат қилинмоқда. Бу борада тадбиркорлар билан шартнома асосида ҳамкорлик йўлга қўйилиб давлат, жамият ва хусусий сектор ўртасидаги шериклик имкониятларидан кенг фойдаланилмоқда.
Бу эса кекса авлод вакилларининг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш, ёлғиз ва кўмакка муҳтож қариялар учун қулай маиший шароитлар яратиш, сифатли тиббий-ижтимоий ёрдамдан фойдаланиш имкониятини кенгайтиради.
Нуронийларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва соғломлаштиришга қаратилган турли реабилитация клубларининг ташкил этилгани ижтимоий хизматнинг профилактик ва психологик жиҳатларини ҳам кучайтирмоқда.
Бугун ижтимоий муассасаларни модернизация қилиш фақат биноларни таъмирлаш билан эмас, балки рақамли ва энергия самарадорлиги технологияларини жорий этиш билан ҳам уйғунлашмоқда. Марказда моддий-техник базани мустаҳкамлаш борасида ўтган йили компьютерлар харид қилиниб, 60 кВт қувватга эга On-grid қуёш панеллари ўрнатилди.
Хулоса қилиб айтганда, замонавий инфратузилма орқали инсонга муносиб шароитлар яратилмоқда. Стационар хизматлар билан бир қаторда мобиль ва кундузги хизматларнинг йўлга қўйилиши ижтимоий ёрдамни инсоннинг реал эҳтиёжига яқинлаштирмоқда. Реабилитация ва меҳнат терапияси фуқароларнинг мустақиллигини сақлашга хизмат қилмоқда. Тўгараклар, маданият маркази ва истироҳат боғи кексаларнинг ижтимоий ҳаётдан узилиб қолишининг олдини олишга кўмаклашмоқда.
Энг муҳими, бу ишлар давлатимиз раҳбарининг мазкур қарорида белгиланган асосий мақсад ва вазифалар билан уйғунлашмоқда. Шу нуқтаи назардан қараганда, Ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази оддий яшаш муассасасидан кўра кенгроқ вазифани бажармоқда.
Франгиза АКРАМОВА,
Тошкент шаҳри ижтимоий
қўллаб-қувватлаш маркази
директори.
ЎзА