Вашингтон Пекиндан ёрдам кутмоқда
АҚШ маъмурияти Хитойдан Эронга таъсир ўтказиб, Ҳурмуз бўғозини халқаро денгиз қатнови учун қайта очишга ёрдам беришни сўрамоқда. Бу чақириқ Дональд Трамп ва Хитой раҳбари Си Цзиньпин ўртасида кутилаётган саммит арафасида янгради.
Давлат котиби Марко Рубио Пекинни Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арағчий билан мулоқотдан фойдаланиб, Теҳронга босим ўтказишга чақирди. Унинг таъкидлашича, бўғоздаги чеклов Эронни халқаро майдонда яккалаб қўймоқда. Шунингдек, Рубио Ҳурмуз ёпилиши Хитой иқтисодиётига АҚШдан кўра оғирроқ таъсир қилаётганини айтди.
Вашингтон Хитой иқтисодиёти Яқин Шарқ орқали амалга ошириладиган энергия ташувига кучли даражада боғлиқ, деган фикрда. Пекин нефть импортининг қарийб ярмини, суюлтирилган газнинг ҳам салмоқли қисмини шу минтақадан олади. Демак, Америка молия вазири Скотт Бессент Хитойни халқаро денгиз ҳаракатини тиклаш бўйича ташаббусни қўллаб-қувватлашга чақириши бежиз эмас.
Айни пайт АҚШ БМТ Хавфсизлик Кенгашида Ҳурмуз бўғозини очишга қаратилган резолюция қабул қилиниши бўйича ҳам дипломатик фаолликни кучайтирган. Аввалроқ Хитой ва Россия Эронга нисбатан кескин ёндашувни назарда тутган ҳужжатга вето қўйган эди. Вашингтон эса Пекинни бу сафар бетараф қолишга кўндиришга уринмоқда.
Мусулмон Зиё,
ЎзА