Бир сайёра, икки қуёш: Коинотда нималар бўляпти?
Олимлар коинотда икки юлдуз атрофида айланаётган яна 27 та сайёра мавжудлигини айтмоқда. Бу фараз машҳур "Star Wars" фильмидаги икки қуёшли Татуин сайёрасини ёдга солмоқда. Бундай эҳтимолий ўзгариш астрономияда янги босқич сифатида баҳоланяпти.
Изланиш "University of New South Wales" тадқиқотчиси Марго Торнтон бошчилигида олиб борилди. Олимлар аввалгидек сайёрани тўғридан-тўғри кузатиш ўрнига, икки юлдузнинг бир-бирини тўсиш вақтидаги кичик ўзгаришни таҳлил қилди. Ана шу деярли сезилмас силжиш орқали кўринмас сайёраларнинг тортиш кучини аниқлаш мумкин бўлган.
Тадқиқотда NASAнинг TESS телескопи маълумотларидан фойдаланилди. Олимлар 1 590 та икки юлдузли тизимни ўрганиб, 71 ҳолатда тушунтириб бўлмайдиган орбитал ўзгаришларни кузатган. Шулардан 27 тасида сайёра мавжуд бўлиши эҳтимоли юқори деб баҳоланмоқда.
Мутахассислар фикрича, янги усул илгари аниқланмай қолган минглаб сайёраларни топиш имконини беради. Бу эса коинотда сайёралар қандай шаклланиши ва икки юлдузли тизимларда ҳаёт учун шароит мавжуд ёки йўқлигини ўрганишда муҳим қадам ҳисобланмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА