Тариф таҳдиди Брюсселни хавотирга солди
Европа Иттифоқи Вашингтондан савдо келишуви шартига кўнишни талаб қилмоқда. Парижда ўтган музокарада ЕИ савдо комиссари Марош Шефчович АҚШ вакили Жеймисон Грирга 15 фоизлик тариф чекловини “тезда тиклаш” зарурлигини айтган.
Кескинлик Президент Дональд Трамп Европа автомобилларига 25 фоизлик бож жорий этиш билан таҳдид қилганидан кейин кучайди. Бу эса ўтган йил Шотландияда эришилган ЕИ – АҚШ савдо келишувини амалда издан чиқариши мумкин.
Ҳозир АҚШ Европа товарларига қўшимча 10 фоиз тариф қўлламоқда. Аввалдан мавжуд бож билан бирга айрим маҳсулотлар учун умумий ставка 30 фоизгача етган. Европа томони бу ҳолат келишув руҳига зидлигини таъкидламоқда.
Айни пайт Брюсселда ҳам баҳс кучайган. Европа парламенти аъзолари тариф имтиёзи фақат АҚШ ҳам ўз мажбуриятини бажарган тақдирдагина кучга киришини талаб қилмоқда. Шу боис навбатдаги музокара Европа – Америка савдо муносабати учун ҳал қилувчи босқич сифатида баҳоланмоқда.
Мусулмон Зиё,
ЎзА