"UzChess Cup 2026": Абдусатторов бугун Мамедяров билан куч синашади
Тошкентдаги “Crowne Plaza” меҳмонхонасида умумий мукофот жамғармаси 121 500 АҚШ долларидан иборат “UzChess Cup 2026” халқаро турнири ўтказилмоқда.
“Masters”, “Challengers”, “Futures” ва “Open” гуруҳларида ўтказилаётган мусобақаларда 20 дан зиёд давлатнинг маҳоратли шахматчилари дона сурмоқда.

Кеча нуфузли турнирнинг “Masters” гуруҳида дастлабки тур ўйинлари бўлиб ўтди. Унда ҳамюртларимиздан Муҳиддин Мадаминов оқ доналарда россиялик Ян Непомняшийни, озарбайжонлик Шахриёр Мамедяров оқ доналарда ҳиндистонлик Видат Гуджратини, грециялик Николаос Теодору АҚШлик Нейманн Ханс Мокени мағлуб этган бўлса, Шамсиддин Воҳидов – Аржун Эригаиси(Ҳиндистон), Нодирбек Ёқуббоев – Нодирбек Абдусатторов қарама-қаршилигидаги баҳсларда муроса йўли танланди.

Бугун, 8 июнь куни “Masters” гуруҳининг 2-турида Ян Непомняший – Видат Гуджрати, Н.Абдусатторов – Ш.Мамедяров, Эригаиси – Н.Ёқуббоев, Нейманн Ханс Моке – Ш.Воҳидов, М.Мадаминов – Н.Теодору баҳслари ташкил этилади.

Эслатиб ўтамиз, 9 та турдан иборат бўлган халқаро турнир мусобақалари 15 июнга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА