“Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси”: бугун баскетбол, сузиш, стол тенниси бўйича саралаш ўйинлари ўтказилади
Бугун, 8 июнь куни пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси” ҳамда Чирчиқдаги Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети мажмуаларида ўтаётган “Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси” дастуридан ўрин олган волейбол мусобақаларининг финал баҳслари ўтказилса, гандбол ва футбол жамоалари ярим финалда куч синашади.
Шунингдек, бугун баскетбол, сузиш ва стол тенниси бўйича дастлабки саралаш ўйинлари бўлиб ўтади.
Кеча гандбол бўйича мусобақанинг ярим финал йўлланмасини қўлга киритган жамоалар номи маълум бўлди.

Аёллар ўртасидаги баҳсларда Андижон давлат педагогика институти Жиззах давлат педагогика университетини 37:25 ҳисобида мағлуб этди. Ўзбекистон миллий педагогика университети Чирчиқ давлат педагогика университетидан устун келган бўлса, Наманган давлат университети Самарқанд давлат педагогика институтини доғда қолдирди. Навоий давлат университети гандболчилари Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетини 47:24 ҳисобида енгиб, куннинг энг йирик ҳисобини қайд этди.
Бугун аёллар ўртасида Андижон давлат педагогика институти ҳамда Ўзбекистон миллий педагогика университети, Наманган давлат университети ва Навоий давлат университети жамоалари ярим финал ўйинида тўқнаш келади.

Эркаклар ўртасидаги ўйинларда Наманган давлат университети Навоий давлат университетини 31:20 ҳисобида енгган бўлса, Самарқанд давлат университети ва Жиззах давлат педагогика университети ўртасидаги учрашув 42:40 ҳисобида якунланди. Андижон давлат педагогика институти Гулистон давлат педагогика институтини енгган бўлса, Фарғона давлат университети Ўзбекистон миллий педагогика университети устидан ғалаба қозонди.
Бугун Наманган давлат университети Самарқанд давлат университетига қарши майдонга тушса, Андижон давлат педагогика институти Фарғона давлат университети билан финал йўлланмаси йўлидаги баҳсда рўбарў келади.

Кеча “Олимпия шаҳарчаси”да ўтаётган талабалар мусобақаларини бир қатор вазирлик ва идоралар раҳбарлари қаторида хорижлик меҳмонлар, дипломатик корпус вакиллари ҳам кузатиб борди.
Жумладан, волейбол ва гандбол баҳсларини Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икромов, олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, Ўзбекистоннинг Хитойдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Фарҳод Арзиев биргаликда кузатди.
“Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси” 9 июнга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА