Устозларга эҳтиром кўрсатилди
Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.
Бугунги кунда мамлакатимизда устоз ва мураббийларнинг жамиятдаги ўрнини улуғлаш, уларнинг қадрини юксалтириш борасида давлат даражасидаги муҳим ислоҳотлар мужассамлашган. Ҳар йили 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида ушбу тамойил янги маъно ва куч билан жамиятимизда акс садо беради.

Зеро, ҳар бир миллатнинг келажаги унинг мактаблари, илм даргоҳлари ва устозларига бўлган муносабатига қараб баҳоланади. Тадбирда Институт директори Эсемурат Канязов устоз ва мураббийларни табриклаб, уларнинг юридик кадрлар касбий салоҳиятини ошириш йўлидаги меҳнатини эътироф этди.

Байрам тадбирида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Юридик таълим ва суд-экспертиза бошқармаси бошлиғи ҳам иштирок этди. Адлия вазирининг тегишли буйруғига мувофиқ, ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш, юридик кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, жамиятда қонунга ҳурмат руҳини мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси ҳамда самарали меҳнати учун институтнинг илғор ходимлари тақдирланди.
Тадбирда байрамга бағишланган видеоролик намойиш этилиб, устозларга самимий тилаклар билдирилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА