35 йил — халқ овози, давр солномаси
Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида ўзига хос ўринга эга бўлган «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари ташкил этилганининг 35 йиллиги муносабати билан Қорақалпоғистон Республикасида тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Нукус шаҳрида ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ижодкорлар, журналистлар ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Ш. Отемисов, «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари таҳририяти ходими Ш. Мутахаров, Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси К. Каримов, Республика Маънавият ва маърифат марказининг Қорақалпоғистон бўлими раҳбари Т. Отамуродов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон кенгаши раиси У. Жалменов ва бошқалар қатнашди.
Тадбирда мустақиллик йилларида мамлакатимизда кечган янгиланиш ва бунёдкорлик жараёнларини кенг ёритиб келаётган мазкур нашрларнинг миллий матбуотимиз тараққиётидаги ўрни алоҳида таъкидланди. Газеталарнинг 35 йиллик фаолияти, жамият ҳаётидаги муҳим воқеа ва ўзгаришларни жамоатчиликка етказиш борасидаги хизматлари, шунингдек, журналистика соҳасининг бугунги вазифалари ҳақида фикр алмашилди.
— Газета фақат ахборот тарқатувчи восита эмас, балки муайян даврнинг ижтимоий қиёфаси, халқнинг орзу-интилишлари, жамият тафаккуридаги ўзгаришлар ва тарихий тараққиёт босқичларини ўзида акс эттирувчи маънавий манбадир, - дейди Қорақалпоқ давлат университетининг Туркман тили ва адабиёти кафедраси мудири, филология фанлари доктори, профессор О. Гайлиева. — «Халқ сўзи» газетасининг номи ҳам чуқур рамзий маънога эга. У халқ овози, жамият фикри, миллатнинг маънавий хотираси ва замон солномасини ифода этади.
Таъкидланганидек, ўтган 35 йил давомида «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар, халқимизнинг бунёдкорлик ишлари ва эришилаётган ютуқларни ёритиб келмоқда. Нашрлар бугун ҳам жамият ва халқ ўртасидаги ахборот алмашинувида муҳим ўрин тутади.
[gallery-32241]
Тадбир якунида газеталар таҳририяти ижодий жамоасига самимий тилаклар билдирилди. Матбуот соҳаси ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ фаолларга эсдалик кўкрак нишонлари топширилди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА