Диний-маърифий таълимнинг долзарб масалалари
Ислом цивилизацияси марказида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ташкил этилганининг 55 йиллиги муносабати билан “Долзарб ақидавий ва замонавий фиқҳий масалалар” мавзусида республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича қўмита, Ислом цивилизацияси маркази, халқаро илмий-тадқиқот марказлари, диний таълим муассасалари вакиллари, таниқли уламолар, профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар ва имом-хатиблар иштирок этди.
Анжуманда мамлакатимизда диний таълим ва илм-фан ривожи, бой илмий-маънавий меросни ўрганиш, малакали диний кадрлар тайёрлаш ҳамда замонавий ақидавий ва фиқҳий масалаларга илмий асосланган ечимлар топиш борасидаги вазифалар муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, 1971 йил 1 ноябрда муфтий Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ташаббуси билан ташкил этилган Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ўтган 55 йил давомида мамлакатимиз диний-маърифий ҳаётида ўзига хос ўрин эгаллади. Мазкур таълим даргоҳида кўплаб етук уламолар, диний соҳа мутахассислари ва илмий кадрлар тайёрланди.
Бугунги кунда институтда 4 та кафедра фаолият юритиб, таълим жараёнига 110 нафар профессор-ўқитувчи жалб этилган. Муассасада илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш, таълим сифатини ошириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда институт тарихида илк бор 10 нафар магистратура битирувчиси тайёрлангани ҳам бу борадаги муҳим натижалардан биридир.
Анжуманнинг ялпи мажлисида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов ва бошқалар сўзга чиқди.
Маърузаларда Тошкент ислом институтининг диний таълим тизимидаги ўрни, ислом илмларини ўрганиш ва тарғиб этиш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, шунингдек, замонавий диний масалаларни илмий ёндашув асосида тадқиқ этиш муҳимлиги қайд этилди.
Анжуман иши “Долзарб ақидавий масалалар ва уларнинг илмий ечимлари” ҳамда “Замонавий фиқҳий масалалар: янги муаммолар ва амалий ечимлар” мавзуларида икки шуъбада давом этди. Уларда суннийлик манбалари, Ҳанафий мазҳаби уламоларининг илмий қарашлари, замонавий эътиқодий ва фиқҳий муаммолар, шунингдек, алломалар меросини ўрганишга оид маърузалар тингланди.
Тадбир доирасида институтнинг 55 йиллиги муносабати билан ташкил этилган мақолалар танлови ғолиблари, Россиянинг Қозон шаҳрида ўтказилган IV халқаро олимпиадада совринли ўринларни эгаллаган талабалар тақдирланди. Диний таълим ва илм-фан ривожига муносиб ҳисса қўшган бир гуруҳ устозларга “Фахрий профессор” унвони топширилди.
[gallery-32253]
Анжуман якунида долзарб ақидавий ва фиқҳий масалалар юзасидан илмий тавсиялар ишлаб чиқилиб, сараланган мақолаларни махсус тўплам шаклида нашр этишга келишиб олинди.
Мазкур анжуман диний таълим ва илм-фан соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда илмий изланишларни янада ривожлантириш учун муҳим мулоқот майдони бўлди.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА