Устозларга бағишланди
Куни кеча Тошкент Давлат Иқтисодиёт университетида 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган «Сизга таъзим, устозлар» мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Унда Меҳнат иқтисодиёти кафедраси профессор-ўқитувчилари ҳамда Иқтисодиёт факультетининг 1-босқич талабалари иштирок этишди. Тадбирга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир, “Шуҳрат “ медали соҳиби Туроб Ниёз таклиф этилди.
Тадбирни Меҳнат иқтисодиёти кафедраси мудири, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Санжар Ғойипназаров кириш сўзи билан очиб, “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” нинг юксак маънавий аҳамияти, жамият тараққиётида устозларнинг тутган ўрни ва масъулияти ҳақида тўхталиб ўтди. Шунингдек, у кафедранинг шаклланиши ва ривожланишида бир неча авлод устозларининг хизматлари беқиёс эканини алоҳида таъкидлади.

Меҳнат иқтисодиёти кафедраси 1967 йилда «Меҳнатни илмий ташкил қилиш ва бошқариш» номи билан ташкил этилган. Қарийб олтмиш йиллик фаолияти давомида кафедра меҳнат иқтисодиёти, демография ва инсон ресурсларини бошқариш соҳалари учун малакали бакалавр ва магистр кадрлар тайёрлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Бугунги кунда кафедрада академик Қ. Абдураҳмонов, профессорлар Г. Абдураҳмонова, С. Ғойибназаров, Ф. Назарова, А. Ҳайитов, А. Ирматова, И. Бакиева каби устоз ҳамда юксак илмий ва педагогик салоҳиятга эга бошқа профессор-ўқитувчилар самарали фаолият олиб бормоқда. Улар таълим ва илм-фан уйғунлигини таъминлаш, ёш авлодни касбий ва маънавий жиҳатдан камол топтириш, шунингдек, устоз-шогирд анъаналарини давом эттиришга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Тадбир давомида сўзга чиққан шоир Туроб Ниёз устоз-шогирд анъаналарининг маънавий қадрияти, ёшлар тарбиясида сўз санъати ва китобхонликнинг аҳамияти ҳақида сўз юритди. Шунингдек, бугунги талаба-ёшлар ҳам келажакда билим ва тажрибаларини ёш авлодга етказувчи устозлар бўлиб етишишлари, бунинг учун бугунданоқ чуқур билим олишга, ўз устида ишлашга ва юксак маънавий фазилатларни шакллантиришга интилишлари лозимлигини таъкидлади. Барча устозларга ўзининг самимий тилакларини билдирди. Шунингдек, Т. Ниёз устозларга бағишланган ва янги ёзган шеърларидан ўқиди. Яқинда чоп этилган “Мен севган баҳор” номли янги шеърий китобининг ёзилиш тарихи ҳақида ҳам сўз юритди ва талабаларнинг кўплаб саволларига жавоб берди.

Устозларга эҳтиром ва миннатдорлик руҳида ўтган тадбир иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Нилуфар Бозорова, ЎзА