Уруғ сифати — ҳосил кафолати
Деҳқон учун ҳосилни ердан олишдан аввал унинг пойдеворини — уруғни танлашдан муҳимроқ иш йўқ. Зеро, даладан олинадиган барака, аввало, экилган уруғнинг навдорлиги ва сифатидан бошланади. Шу боис Жиззах вилоятининг Зафаробод туманида 2026 йил ҳосили учун етиштирилаётган уруғлик ғўза майдонларида дала апробацияси кўриклари изчил давом этмоқда.
Тумандаги уруғлик пахта майдонларида ўтказилаётган апробация “Ўзагроинспекция”нинг Зафаробод туман бўлими назоратида амалга оширилмоқда. Жами 194,4 гектар майдондаги ғўзанинг навдорлиги ва генетик тозалиги, зараркунанда ҳамда касалликлардан холи экани, ўсимликларнинг умумий ҳолати белгиланган талаблар асосида ўрганилмоқда.
Апробация — шунчаки далада ўтказиладиган навбатдаги кўрик эмас. Унда уруғликка мўлжалланган майдоннинг келгуси авлод учун қанчалик ишончли экани баҳоланади. Яъни бугунги текширув эртанги чигитнинг сифатини, пировардида эса кейинги ҳосилнинг тақдирини белгилайди.

Мазкур жараён Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 октябрдаги “Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилигига оид айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Уруғлик учун экилган майдонларда қишлоқ хўжалиги экинларини апробация қилиш тартиби тўғрисида”ги низом талаблари асосида ташкил этилмоқда. Уруғлик майдонларида апробация ўтказиш устидан назорат “Ўзагроинспекция”нинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.
Айни пайтда бу жараёнда рақамли имкониятлардан ҳам самарали фойдаланилмоқда. Жорий йилда дала апробацияси махсус планшетлар ҳамда “E-urug‘” ахборот тизими орқали электрон шаклда қайд этилмоқда. Бу маълумотларни дала шароитидаёқ киритиш, мониторинг қилиш, жараён шаффофлиги ва натижаларнинг аниқлигини таъминлаш имконини бермоқда.

Бундай рақамлаштириш, аввало, уруғчиликда “Ким, қачон, қайси майдонни, қандай ҳолатда баҳолади?” деган саволларга аниқ жавоб олиш имконини беради. Бу эса инсон омили билан боғлиқ хатоларнинг олдини олиш, маълумотларни тизимли сақлаш ва назорат самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Апробация жараёнида аниқланган камчиликларни барвақт бартараф этишга ҳам эътибор қаратилмоқда. Уруғчилик субъектларига амалдаги норматив талабларга риоя этиш, нав тозалигини сақлаш, касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш, уруғлик майдонларини белгиланган талаблар асосида парваришлаш юзасидан амалий ва услубий тавсиялар берилмоқда.

Бундан кўзланган мақсад битта — келгуси мавсум учун тасодифий эмас, балки талабга жавоб берадиган, навдор ва сифатли уруғлик чигит захирасини яратиш.
Чунки ҳосил даладан бошланса-да, унинг сифати уруғдан бошланади. Бугун уруғлик майдонидаги ҳар бир ўсимликка берилган эътибор эртага қанча ҳосил олинишида ўз аксини топади. Зафарободдаги апробация ишларининг аҳамияти ҳам шунда: келгуси ҳосилнинг ишончли пойдевори бугундан яратилмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири