Беданачилик — даромад манбаи
Баъзан катта даромад манбаини яратиш учун катта ер майдони ёки салмоқли сармоя шарт эмас. Тўғри ташкил этилган кичик хонадон тадбиркорлиги ҳам оила бюджетига муносиб ҳисса қўша олади. Жиззах вилоятининг Арнасой туманида йўлга қўйилаётган беданачилик кооперацияси ана шундай имкониятлардан биридир.
“Real Hunter” масъулияти чекланган жамияти ва Арнасой тумани ҳокимлиги ташаббуси билан аҳоли бандлигини таъминлаш, хонадонлар даромадини ошириш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган лойиҳага старт берилди. Дастлабки босқичда 100 та хонадонни бедана билан таъминлаш режалаштирилган.

Мақсад оддий, аммо мазмунли: хонадонга бедана кириб келади, уни парваришлаш учун зарур шароит ва кўникма яратилади, олинган маҳсулотни эса “Real Hunter” МЧЖнинг ўзи сотиб олади. Энг муҳими, бу жараённинг ҳар бир бўғинини бир-бирига боғлайдиган кооперация механизми шакллантирилмоқда.
Бу ёндашув давлат сиёсатида белгиланган вазифалар билан ҳамоҳанг. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 17-январдаги “2025 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорида аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, маҳаллаларда микролойиҳаларни амалга ошириш ва даромадли меҳнат билан таъминлашга устувор аҳамият қаратилган.

Беданачиликнинг афзаллиги шундаки, уни хонадон шароитида ҳам йўлга қўйиш мумкин. Бунда фуқаронинг ўз хоҳиши ва меҳнати муҳим омилга айланади. Арнасойлик Шерзод Ғайбуллаев ҳам маҳаллада ўтказилган сайёр қабулда беданачиликка қизиқиш билдиргани бежиз эмас:
— Туманимиз ҳокими маҳалламизга келиб, сайёр қабул ўтказганида беданачиликка қизиқишимни айтдим. Туман ҳокими Одил Мусанов ҳамда “Real Hunter” МЧЖ раҳбари Шуҳрат Мавлонов бедана ва унинг махсус қафаси ва емини қўшиб беришди. Мақсадим — уларни кўпайтириб, 1000 бошга етказиш. Корхона вакиллари етиштирилган бедананинг тухуми, гўшти ва патини ҳам харид қилишини билдиришди.

Демак, бу ерда фақат бедана тарқатиш ҳақида гап кетаётгани йўқ. Хонадон — ишлаб чиқариш бўғини, тадбиркорлик субъекти эса маҳсулотни қабул қилувчи ва бозорга олиб чиқувчи “етакчи” бўғинга айланмоқда. Бундай иқтисодий кооперация аҳолининг даромад манбаини кенгайтиришга қаратилган давлат сиёсатида ҳам назарда тутилган. Президентнинг 2021 йил 20-декабрдаги “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг даромад манбаини кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида тадбиркорлик субъектлари билан хонадонлар ўртасида кооперацияни кенгайтириш орқали аҳоли бандлиги ва даромад манбаларини ошириш вазифаси белгиланган.
Арнасойдаги ташаббуснинг яна бир муҳим жиҳати — аҳолига фақат маҳсулот эмас, билим ва тажриба ҳам берилаётгани.
— Бизга кўпайтириш учун берилган “япон манжур” ва “оқ гигант” бедана зотларини қандай парваришлаш, қачон ем, сувини, дори-дармонини бериш, санитария-гигиена қоидаларига қандай риоя қилиш кераклигини “Real Hunter” МЧЖ мутахассислари келиб, миридан-сиригача тушунтирди. Энди биздан талаб қилинадигани — берилган тавсияларга қатъий амал қилиб, оилавий даромадимизни ошириш, — дейди шу маҳалла фуқароси Нуриддин Ялғашев.

Бу борада “Real Hunter”нинг ўзи ҳам тажрибага эга. 2025 йил 12-ноябрда ЎзА Арнасой туманидаги жамият ҳузурида замонавий паррандачилик мажмуаси иш бошлаганини хабар қилган эди. У ерда “япон манжур” ва “оқ гигант” бедана зотлари парвариш қилиниб, дастлаб 30 минг бош бедана етиштириш, кейинчалик бу кўрсаткични 200 минг бошгача ошириш режалаштирилган. Мажмуа тўлиқ қувватда ишлаганда ҳар куни 10–12 минг дона тухум, ҳар 45 кунда қарийб 10 тонна парҳез гўшт етиштириш имкониятига эга бўлиши қайд этилган.

Шу нуқтаи назардан қараганда, хонадонлардаги бошланаётган кичик хўжаликлар катта ишлаб чиқариш занжирининг бир қисмига айланиши мумкин. Муҳими, ҳар бир хонадон ўзини ўзи банд қилиш билан чекланиб қолмай, ягона тизим асосида маҳсулот етиштириш ва сотиш имконига эга бўлади.
“Real Hunter”нинг Арнасойдаги фаолияти ҳам бу йўналиш билан чекланмайди. Корхонада беданачилик билан бир қаторда инкубация, тухумчилик, ноёб ва ёввойи қушларни парваришлаш ҳамда балиқчилик йўналишлари ҳам йўлга қўйилган. 2025 йил апрель ойида эса тумандаги Айдар-Арнасой кўллар тизими ҳудудида инкубация цехи ишга туширилган бўлиб, лойиҳада “Real Hunter” ҳам иштирок этган.

Бироқ ҳар қандай лойиҳанинг ҳақиқий самараси унинг бошлангани билан эмас, қандай натижа бергани билан ўлчанади. Шу боис бу ташаббусда 100 та хонадонга бедана тарқатишнинг ўзи етарли эмас. Улардан қанчаси барқарор даромадга чиқади, маҳсулотнинг қанчаси бозорга сифатли ва кафолатли етказилади, хонадонлар бедана сонини қанчалик кўпайтиради — асосий мезонлар ана шулар бўлади.
Қолаверса, ҳар бир катта хўжалик ҳам бир пайтлар кичик қадамдан бошланган. Бугун хонадондаги бир неча юзта бедана эртага мингталаб бошга айланса, бу фақат бир оиланинг эмас, маҳалланинг иқтисодий фаоллиги ошганини англатади.
Бедана кичик қуш. Аммо уни парваришлаш ортида катта мақсад — хонадонни даромадли, аҳолини банд, меҳнатни эса баракали қилиш турибди.
<iframe width="1059" height="595" src="https://www.youtube.com/embed/o2Wi337OBfY" title="Bedanachilik — daromad manbai" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Абдужалол Қаюмов (видео), ЎзА мухбири