GSP+ тизими маҳсулотларимиз экспортини оширмоқда (+видео)
Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг муҳим ташқи савдо ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг бу йўналишдаги экспорт кўрсаткичлари сезиларли даражада ўсди. Бунга GSP+ тизими доирасида тақдим этилган имтиёзлар ҳам асос бўлиб, экспорт ҳажми қарийб уч баробарга ошган. Мазкур статистикада озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти алоҳида ўрин эгаллайди.
Ўзбекистон 2021 йилнинг апрель ойидан буён GSP+ махсус преференциялар тизими бенефициари мақомига эга бўлди. Натижада 6 200 дан ортиқ турдаги товар учун Европа бозорига имтиёзли шартларда кириш имконияти яратилди. Ушбу тизим экспортни кўпайтириши билан бир қаторда маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан халқаро мажбуриятлар, товарларнинг келиб чиқиш қоидалари ҳамда Европа бозорларига мослашишни ҳам талаб этади.
- 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистондан Белгияга 807 тонна 1 млн доллардан зиёд мева-сабзавот маҳсулоти экспорт қилингани ижобий натижадир, - дейди Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси мутахассиси Шаҳзод Қундузов. – Белгияга қуритилган кўкатлар, қуритилган олхўри, мош, майиз, жийда, қовун маҳсулотлари экспорт қилинган. Жорий йилнинг 17-21 октябрь кунлари Парижда озиқ-овқат кўргазмаси бўлиб ўтиши режалаштирилган. У ерда ташкил этилган Ўзбекистон миллий стенди ўз маҳсулотини намойиш этиш ва албатта белгиялик импорт қилувчи корхоналар билан музокаралар олиб бориш ва 2026 йилнинг якунига қадар Ўзбекистондан ушбу давлатга экспорт ҳажмини оширишга хизмат қилади.
Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси томонидан хорижий давлатларда ўтказиб келинаётган миллий маҳсулотлар кўргазмаси эса янги ёндашувларни ўрганиш, истеъмолчиларнинг талаби ва бозор коньюнктурасини таҳлил қилиш имконини бермоқда.
Режалар катта, мақсадлар аниқ. Европа йўналиши Ўзбекистон учун ҳар доим истиқболли ҳисобланган. Бу миллий брендларнинг халқаро таъминот занжирларига уйғунлашуви учун узоқ муддатли стратегия ҳамдир. Зеро, маҳсулотнинг “даладан дастурхонгача” бўлган ҳар бир босқичида хавфсизлик талабларига риоя қилиниши Ўзбекистон маҳсулотларининг Европа бозоридаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Санжар Тошпўлатов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА