Урганчдан Хивага янги троллейбуслар қатнови бошланади
Қайд этилишича, эндиликда Урганч ва Хива ўртасида жамоат транспортида ҳаракатланиш янада қулайлашади. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Жорий йил 27 октябрдан замонавий троллейбуслар икки шаҳар ўртасида қатнай бошлайди. Янги транспорт воситалари йўловчилар учун кутиш вақтини қисқартириш ва ҳудуднинг муҳим транспорт нуқталарини ўзаро боғлашга хизмат қилади.
Жорий йил 25 октябрь куни Урганч шаҳрида “Хоразм троллейбус саройи” давлат муассасасининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Корхона томонидан 27 октябрдан бошлаб “Урганч — Хива” йўналишида янги ва замонавий троллейбуслар қатнови йўлга қўйилади. Янгиланишнинг муҳим жиҳати шундаки, Урганч — Хива — Урганч йўналишида троллейбусларнинг ҳаракатланиш оралиғи 25 дақиқадан 12 дақиқагача қисқаради. Бу йўловчиларнинг транспорт кутиш вақтини сезиларли камайтириш имконини беради.
Шунингдек, замонавий троллейбусларни янги ташкил этилган Урганч халқаро аэропорти, Урганч темир йўл вокзали ва Хива темир йўл вокзалини боғловчи йўналишда ҳаракатлантириш режалаштирилган. Бу эса ҳаво ва темир йўл транспортидан фойдаланувчи йўловчилар учун манзиллар ўртасидаги қатновни янада қулай ташкил этишга ёрдам беради.
Аслида, жамоат транспортининг қулайлиги фақат янги транспорт воситалари билан эмас, балки уларнинг мунтазам ҳаракати, кутиш вақти ва бошқа транспорт турлари билан уйғунлиги орқали ҳам белгиланади. Шу маънода, Урганч — Хива йўналишидаги янги троллейбуслар қатнови ҳудуд транспорт тизимини такомиллаштириш йўлидаги муҳим янгиликлардан биридир.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА