УрДУда янги бино
Урганч давлат университетида замонавий типда барпо этилган янги ўқув биноси фойдаланишга топширилди.
Очилиш маросимида Хоразм вилоятининг илм-фан, таълим, санъат ва маданият соҳаларининг таниқли вакиллари, университет илмий кенгаши аъзолари, фахрий устозлар, профессор-ўқитувчилар ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.
Тантанали тадбирда Хоразм вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов сўзга чиқиб, мазкур бинонинг университет ҳаёти, таълим сифати, илмий салоҳият ҳамда ёшлар учун яратилаётган замонавий имкониятлардаги аҳамиятига алоҳида тўхталди. Университет жамоасини янги бино билан самимий муборакбод этди.
Янги ўқув биноси 8 қаватдан иборат, 1800 ўринга мўлжалланган. Мазкур бино университетнинг 9-ўқув биноси бўлиб, унда “Интеллектуал илмлар ва технологиялар” факультети фаолият юритади.
[gallery-31247]
Ўқув биноси талаба-ёшларнинг илғор технологиялар асосида билим ва амалий кўникмаларини ривожлантириш, замонавий IT- йўналишларида сифатли таълим олиши, илмий-тадқиқот олиб бориши учун кенг имкониятлар яратади.
– Энг муҳими, янги таълим маскани замонавий ахборот технологиялари, компьютер илмлари ва IT- йўналишлари, хусусан, бинода жойлашган Сунъий интеллект лабораторияси асосида соҳада юқори малакали мутахассислар тайёрлашга хизмат қилади, – дейди университет ректори Феруза Мадраҳимова. – Бу масканда таълим оладиган ёшлар эртанги куннинг дастурчилари, муҳандислари, олимлари ва инноваторлари. Улар Янги Ўзбекистоннинг рақамли тараққиётига муносиб ҳисса қўшади.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан янги ўқув йили арафасида фойдаланишга топширилган ушбу янги бино университет ҳаётидаги навбатдаги катта қадам, таълим ва илм-фан келажагига қўйилган мустаҳкам пойдевордир.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат)
ЎзА мухбирлари