UNODC вакиллари билан учрашув
Навоий халқаро аэропорти директори Алишер Кличев UNODC вакиллари – Лаура Скотто ди Клементе ва Ирина Ли билан учрашди.
Учрашув давомида Навоий халқаро аэропортининг қулай географик жойлашуви, ривожланиб бораётган логистика инфратузилмаси ва халқаро юк ташиш йўналишларидаги салоҳияти, уни Марказий Осиёдаги муҳим транспорт-логистика марказларидан бирига айлантириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Меҳмонлар аэропортнинг мавжуд имкониятлари, инфратузилмаси ҳамда амалга оширилаётган фаолияти билан яқиндан танишди. Жараёнда стратегик муҳим хомашё ресурслари хавфсизлигини таъминлаш маркази воситасида стратегик аҳамиятга эга хомашё маҳсулотларини етказиб бериш занжирларини такомиллаштириш, уларнинг бир давлатдан иккинчисига ташилишида хавфсизликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувда меҳмонлар аэропорт фаолияти, юкларни қабул қилиш ва жўнатиш жараёнлари, логистика имкониятлари ҳамда стратегик аҳамиятга эга юклар хавфсизлигини таъминлаш механизмлари юзасидан ўзларини қизиқтирган қатор саволларга жавоб олдилар.
А.Бўриев, ЎзА мухбири