Ҳамкорлик давом этади
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Фарҳод Эрманов Хитойнинг “Xenke” гуруҳи ҳамда Ўзбекистондаги ҳамкор “Huaxay Quriliş kompaniyasi” масъулияти чекланган жамияти вакиллари билан учрашди.
Мулоқот давомида Нукус шаҳрида халқаро интеллектуал савдо кўчасини ташкил этиш лойиҳаси тақдимоти ўтказилиб, унинг концепцияси, инвестиция ҳажми, инфратузилмаси ва шаҳарнинг савдо ҳамда туризм салоҳиятини ривожлантиришдаги ўрни муҳокама қилинди.
Дастлабки лойиҳага кўра, умумий қурилиш майдони 296 минг квадрат метр бўлган савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуасини барпо этиш режалаштирилмоқда. Лойиҳага 150 миллион АҚШ долларидан ортиқ инвестиция жалб этилиши, мажмуа таркибида савдо объектлари, меҳмонхона, туристик ва турар жой масканлари ҳамда замонавий интеллектуал тизимлар ташкил этилиши кўзда тутилган.
Лойиҳа амалга оширилиши натижасида қарийб 1000 та савдо субъекти фаолияти йўлга қўйилиши ва 3 мингдан ортиқ янги доимий иш ўрни яратилиши кутилмоқда. Бу эса шаҳарда савдо, хизмат кўрсатиш, туризм ва тадбиркорликни ривожлантиришга хизмат қилади.
Учрашувда лойиҳани амалга оширишнинг ҳуқуқий ва ташкилий жиҳатлари, ер ва инфратузилма масалалари, инвестиция жараёнларини мувофиқлаштириш, шунингдек, маҳаллий аҳолини иш билан таъминлаш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар лойиҳани белгиланган тартибда амалга ошириш, қонунчилик талабларига қатъий риоя қилиш ҳамда Нукус шаҳрининг иқтисодий ва туристик салоҳиятини янада юксалтиришга қаратилган ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири