Таҳлил ва таклиф: тирбандлик, бу – фақат йўқотилган вақт эмас...
Тошкент шаҳрида ҳар куни тахминан 5,2 миллион киши ҳаракатланади. Шаҳарнинг 81 та асосий кўчаларида суткасида 770 минг автомобиль қатнайди.
Уларнинг ўтказиш қуввати эса 400 минг автомобилга мўлжалланган. Демак, автомобиллар юкламадан 1,9 баробар ортиғи билан ҳаракатланмоқда. Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази (ЙҲТЭМ) ҳисоб китобига кўра, тирбандликлар туфайли шаҳар ҳар йили 343 миллион доллар ёки ялпи ҳудудий маҳсулотнинг 1,27 фоизи миқдорида иқтисодий йўқотишга учрамоқда.
Бироқ бу йўқотишларни фақат янги йўллар қуриш орқали эмас, балки ҳаракатни самарали ташкил этиш ҳисобига ҳам қисқартириш мумкин. Бунинг учун светофорларни ҳақиқий транспорт оқимларига мослаштириш, йўл таъмирлаш ишларини мувофиқлаштириш ва рақамли маълумотлардан фойдаланиш муҳим. Тошкентда бу борада дастлабки натижаларга эришилди.
Ўзбекистон транспорт соҳаси ялпи ички маҳсулотнинг қарийб 8 фоизини шакллантиради ва бир миллионга яқин кишини иш билан таъминлайди. Сўнгги йилларда мамлакат Жаҳон банкининг Логистика самарадорлиги индексида 129-ўриндан 88-ўринга кўтарилди. 2025 йилда транзит юк ташиш ҳажми 15,3 миллион тоннага етди, 2030 йилгача эса уни 18,5 миллион тоннага етказиш мақсад қилинган.
Шу билан бирга, йирик инфратузилма лойиҳалари ҳам амалга оширилмоқда. Жаҳон банки М41 автомобиль йўлининг 91 километрини реконструкция қилиш учун 200 миллион доллар ажратишни маъқуллади. Натижада ушбу йўлда ўртача ҳаракат тезлиги соатига 65 километрдан тахминан 90 километргача ошиши кутилмоқда. Шунингдек, узунлиги 282 километр бўлган, олти полосали Тошкент – Самарқанд пуллик автомагистрали қурилмоқда.
Бироқ йўл тармоғини ривожлантириш мавжуд инфратузилмадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш билан бирга олиб борилиши керак. Жаҳон банки баҳосига кўра, прогноз қилинаётган юк оқимини қабул қилиш учун 2030 йилгача Ўзбекистон автомобиль йўлларининг ўтказиш қобилиятини тахминан 500 фоизга ошириш талаб этилади. Бу эса инфратузилмага инвестицияларнинг замонавий ҳаракат бошқаруви билан уйғунлаштирилиши лозимлигини кўрсатади.
Ҳақиқий транспорт оқимини ҳисобга оладиган светофорлар
Муҳим ўзгаришлардан бири Тошкент шаҳрида Йўл ҳаракатини ташкил этиш марказининг ташкил этилгани бўлди. Президентнинг 2025 йил 4 декабрдаги қарори билан ЙҲТЭМга йўл ҳаракатини рақамли бошқариш, йўл ишларини назорат қилиш ва ҳаракат хавфсизлигини ошириш бўйича ваколатлар берилди. Марказ маълумотларига кўра бугунги кунда 271 та чорраҳада адаптив светофорлар ўрнатилди ва пойтахтнинг транспорт макромодели ишлаб чиқилди.
Светофорларни ўзаро мувофиқлаштириш натижалари ҳаракатни аниқ созлаш қанчалик муҳимлигини кўрсатмоқда. Буюк ипак йўли кўчасида 13 та светофорни “яшил тўлқин” тамойили асосида мувофиқлаштириш натижасида марказ томон ҳаракатланиш вақти 29 фоизга – 8,5 дақиқадан 6 дақиқагача қисқарди. Қарама-қарши йўналишда эса сафар вақти 20 фоизга камайди. Кунига тахминан 90 минг автомобиль ҳаракатланадиган Махтумқули кўчасида 11 та светофорни мувофиқлаштириш натижасида йўналишнинг ўтказиш қобилияти 12 фоизга ошди, ҳаракат вақти эса 10 фоизга қисқарди.
Фитрат ва Ҳайдар Алиев кўчалари кесишмасида транспорт оқимлари таҳлил қилингач, энг кўп юкланган йўналиш учун яшил сигнал вақти қарийб икки баробар оширилди. Бу навбатларнинг қисқаришига олиб келди. ЙҲТЭМ маълумотларига кўра, 2026 йил 2 сентябрь – ўқув йилининг биринчи кунида транспорт оқими 30 фоизга ошганига қарамай, светофор фазаларини тезкор ўзгартириш орқали тирбандлик даражаси 6 балл атрофида сақлаб қолинган.
Йўлларда тирбандликни келтириб чиқараётган омил
Аввало йўл тармоғининг ортиқча юкланиши. Автомобиллар сони ва ҳаракат жадаллиги айрим йўлларнинг ўтказиш қобилиятидан тезроқ ўсмоқда, транспорт оқими эса, айниқса, тиғиз вақтларда бир жойда тўпланади. Тошкент – Самарқанд йўлида амалдаги ҳаракат жадаллиги суткасига 45 минг автомобилни ташкил этади, ҳисобий ўтказиш қобилияти эса 32 минг автомобиль. Бу қарийб 41 фоизлик ортиқча юкламани англатади. Сафар вақти олти соатгача етиши мумкин. Халқаро аҳамиятдаги автомобиль йўлларининг қарийб чорак қисми юқори юклама билан ишламоқда.
Иккинчи сабаб светофор ишлаш режимларининг транспорт оқимларининг амалдаги тақсимотига мос келмаслиги. Ўзгармас светофор цикллари асосий ва иккинчи даражали кўчалардаги ҳаракатланиш оқими ўртасидаги катта фарқни, шунингдек, юклама кун давомида ўзгаришини ҳар доим ҳам ҳисобга олмайди. Натижада серқатнов йўналишда навбат узаяди, камроқ юкланган йўналишда эса яшил сигнал вақтидан тўлиқ фойдаланилмаслиги мумкин.
Учинчи омил эса таъмирлаш ва муҳандислик ишлари билан боғлиқ йўл полосаларини ёпиш. Байрамлардан кейин фуқаролар оммавий қайтган кунларда Қамчиқ довонида кўп километрли тирбандликлар юзага келиши ёки Тошкентда Юнусобод айланма йўли яқинидаги муҳандислик ишлари жиддий транспорт қийинчиликларини келтириб чиқаргани муаммонинг амалий мисоли.
Халқаро амалиётда қандай ечимлар мавжуд?
АҚШнинг Питтсбург шаҳрида Surtrac адаптив светофор тизимини пилот тарзда жорий этилиши сафар вақтини 25,8 фоизга, кутиш вақтини 40,6 фоизга, тўхташлар сонини эса 31,3 фоизга қисқартирган. Сингапурда эса светофор циклларини динамик оптималлаштириш ва сунъий интеллектга асосланган видео-таҳлил орқали йўлдаги ҳодисаларни эртароқ аниқлашни назарда тутувчи CRUISE тизими жорий қилинган.
Лондонда lane rental – йўлнинг энг серқатнов участкаларини, жумладан, тиғиз вақтларда банд қилганлик учун тўлов механизми амал қилади. Тўлов миқдори бир суткада 2 500 фунт стерлинггача етиши мумкин. Бу пудратчиларни ишларни транспорт оқими камроқ бўлган вақтда бажаришга ундайди.
Нидерландиядаги Spitsmijden тажрибаси доирасида 340 нафарга яқин ҳайдовчига эрталабки тиғиз вақтда автомобилда сафар қилмаслик учун 3–7 евро миқдорида рағбат пули берилган. Натижада иштирокчилар орасида тиғиз вақтдаги сафарлар сони тахминан 60 фоизга камайган. Бу, асосан, сафарларни эртароқ ёки кечроқ вақтга кўчириш ҳисобига юз берган.
Йўл инфратузилмасидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган учта йўналишни таклиф сифатида айтиш мумкин.
Ҳаракатни бошқаришнинг ягона рақамли платформаси. ЙҲТЭМни адаптив светофорлар, видеокузатув, навигация хизматлари, йўл ишлари ва транспорт ҳодисалари ҳақидаги маълумотларни бирлаштирувчи платформа сифатида ривожлантириш мақсадга мувофиқ. Биринчи навбатда, светофор циклларини нафақат Тошкент магистралларида, балки халқаро ва республика аҳамиятидаги йўллардаги светофор объектларида ҳам ҳақиқий транспорт оқимларига мослаштириш лозим. Бунда, айниқса, пойтахтга кириш йўллари ва Тошкент – Самарқанд – Бухоро йўналишига эътибор қаратиш зарур. Кейинги босқичда адаптив бошқарувни кенгайтириш, етарли маълумотлар тўплангач эса тирбандликларни олдиндан прогноз қиладиган алгоритмларни жорий этиш мумкин.
Йўл ишларининг ягона рақамли реестри. Шаҳар, республика ва халқаро аҳамиятдаги автомобиль йўлларини қамраб оладиган ягона тизим иш муддатларини мувофиқлаштириш, ҳаракат чекловлари ҳақидаги маълумотларни эълон қилиш ва уларни навигация хизматларига узатишни таъминлаши керак. Тиғиз вақтда йўл полосасини банд қилганлик учун табақалаштирилган тўлов, сифат ва хавфсизлик талабларига риоя қилган ҳолда ишларни муддатидан олдин тугатиш учун рағбатлар, таъмирлаш ҳудудларида навбатларни аниқловчи датчиклар қўшимча восита бўлиши мумкин.
Транспорт талаби ва юк оқимларини бошқариш. Айниқса, йўл полосалари вақтинча ёпиладиган даврларда автомобилдаги сафарларни тиғиз вақтдан бошқа соатларга кўчиришни рағбатлантириш чораларини кўриб чиқиш лозим. Шунингдек, энг кўп юкланган чегара ўтказиш пунктларига юк автомобилларининг келиш вақтини олдиндан режалаштириш тизимини такомиллаштириш зарур. Ташувчиларга транспорт коридорлари ва чегара пунктларидаги юклама ҳақида долзарб маълумотлар тақдим этилиши муҳим.
Ушбу ечимларни амалиётга жорий этиш учун давлат сиёсати даражасида ўзаро мувофиқлаштирилган қарорлар талаб этилади. Хусусан, халқаро ва республика аҳамиятидаги автомобиль йўлларига нисбатан ЙҲТЭМ ваколатларини аниқ белгилаш ёки Автомобиль йўллари қўмитаси билан биргаликда тегишли механизмни шакллантириш; йўл полосаларини банд қилганлик учун тўлов, чекловларнинг энг юқори муддатлари ва йўл таъмирлаш ишлари даврида ҳаракатни ташкил этишнинг мажбурий режаларини норматив жиҳатдан мустаҳкамлаш зарур.
Шунингдек, шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш талабларига риоя этган ҳолда навигация хизматлари билан шахсни аниқлаш имконини бермайдиган умумлаштирилган маълумотлар алмашинуви бўйича келишувлар тузиш, пилот транспорт коридорлари ва мақсадли кўрсаткичларни белгилаш, натижаларни мустақил баҳолаш механизмларини жорий этиш муҳим. Барқарор молиялаштириш учун, жумладан, полосаларни банд қилганлик учун тўловлардан тушадиган маблағлардан фойдаланиш имкониятларини ҳам кўриб чиқиш лозим.
Дастлабки олти ойда бошланғич кўрсаткичлар базасини шакллантириш ва пилот участкаларни танлаш, кейинги 6–18 ой давомида ечимларни синовдан ўтказиш ва натижаларини баҳолаш, кейинги 18–36 ойда эса самарадорлиги тасдиқланган чораларни кенгайтириш лозим. Натижадорлик ўрнатилган светофорлар ёки ишга туширилган рақамли тизимлар сони билан эмас, балки сафар вақти ва тирбандликлар давомийлигининг қисқариши, ташиш ишончлилигининг ошиши, йўл ишлари муддатларининг камайиши ва ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар билан боғлиқ ЙТҲлар сонининг пасайиши билан баҳоланиши керак.
Тошкентдаги дастлабки мисоллар мавжуд йўл тармоғида самарадорликни ошириш имконияти борлигини кўрсатмоқда. Бу зарур бўлган жойларда янги йўллар қуриш ўрнини босмайди, бироқ ҳаракатни оқилона бошқариш орқали бугуннинг ўзидаёқ кечикишларнинг бир қисмини камайтириш имконини беради.
Жамшид ШАРИПОВ,
“Тараққиёт стратегияси”
маркази бўлим бошлиғи.
ЎзА