UN-Water Ўзбекистонни сув тежашда сезиларли натижаларга эришган мамлакатлар қаторига киритди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясининг “Бюджет маблағларидан фойдаланиш билан боғлиқ мақсадли индикаторлар ва ташкилот раҳбарлари томонидан самарадорлик кўрсаткичлари бажарилиши ҳамда соҳада Барқарор ривожланиш мақсадларининг ижро этилиши тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.
Ахборотда келтирилганидек, 2026 йилнинг 8 ойи давомида сув тежовчи ва рақамли технологияларни жорий этиш, ирригация тадбирлари, ерларни лазерли текислаш ҳамда агротехник тадбирлар ҳисобига 9 млрд. 457 млн куб метр сув тежалган. Республика бўйича сувни тежайдиган технологиялар 640,2 минг гектар майдонда жорий этилган. Йил якунига қадар сув тежамкор технологиялар қамровини 660,2 минг гектарга, тежаладиган сув ҳажмини эса 11 млрд. куб метрга етказиш режалаштирилган.
Бугун сув ресурсларини бошқаришни рақамлаштириш энг муҳим масалалардан биридир. Бу борада “Сув ҳисоби”, “Сув кадастри”, “Сув хўжалиги объектлари”, “Хавфни таҳлил қилиш” ва “Ақлли сув” ахборот тизимлари жорий этилгани, 99,1 минг нафар сувдан фойдаланувчининг 25,5 млрд. куб метрлик сув олиш лимити ахборот тизимига киритилгани эътиборга молик.

Таъкидланганидек, 2026 йил III чорагида Сув хўжалиги вазири ва унинг ўринбосарлари фаолияти бўйича 41 та асосий самарадорлик мезони белгиланган. 1 сентябрь ҳолатига вазирликнинг ўртача KPI кўрсаткичи 83 фоизни, Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси раҳбарининг кўрсаткичи эса 75 фоизни ташкил этган.
Сув инспекцияси томонидан жорий йилнинг 8 ойида 4 минг 692 та назорат тадбири ўтказилиб, 8 минг 932 та камчилик аниқланган. Мазкур ҳолатларнинг 4 минг 317 таси сувдан нооқилона фойдаланиш, 858 таси сувни ўзбошимчалик билан эгаллаш, 763 таси сув хўжалиги объектлари ва қурилмаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш, 683 таси эса сув ҳисобини юритмаслик билан боғлиқ.
Йиғилишда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида сув хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилганидек, 2026 йилда UN-Water томонидан Ўзбекистон сув тежаш бўйича сезиларли натижаларга эришган мамлакатлар қаторида қайд этилган. Жорий йилнинг 8 ойида сув ресурсларини самарали бошқариш, сув тежовчи ва рақамли технологияларни жорий этиш, ирригация тадбирлари ҳамда ерларни лазерли текислаш ҳисобига 9 млрд 457 млн куб метр сув тежалган.

Муҳокамаларда қўмита аъзолари Барқарор ривожланиш мақсадлари ижросини сув хўжалигида таъминлашда эришилган натижаларни ҳудудлар кесимида аниқ индикаторлар асосида баҳолаш тизимини яратиш, сувни тежаш бўйича ҳисоб-китобларнинг шаффофлиги ва ишончлилигини таъминлаш зарурлигини билдирдилар. Сувдан нооқилона фойдаланиш, сувни ўзбошимчалик билан эгаллаш, сув ҳисобини юритмаслик каби қонунбузилиш ҳолатлари ҳануз юқори даражада сақланиб қолаётгани, аниқланган 8,9 мингдан зиёд камчиликларнинг келиб чиқиш сабабларини тизимли бартараф этиш зарурлиги таъкидланди.
Сувдан самарали фойдаланиш, сув ҳисобини тўлиқ рақамлаштириш, замонавий ўлчов воситаларини кенг жорий этиш ҳамда назоратнинг таъсирчанлигини ошириш бўйича таклифлар билдирилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА