Қизилтепада ғалла экиш бошланди
Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида биринчилардан бўлиб 2027 йил ҳосили учун ғалла экиш ишларига старт берилди.
2027 йил ғалла ҳосили учун Қизилтепа туманидаги 251 та фермер хўжалигининг 8 569 гектар майдонида ғалла етиштириш режалаштирилган.
“Шаҳбоз Шербек келажаги” фермер хўжалиги дала майдонида семинар тарзида ташкил этилган тадбирда туман ҳокими Бекзод Бобомуродов, вилоят ҳокимининг ўринбосари Санъатилла Ҳикматов, туманда фаолият юритаётган фермер хўжаликлари раҳбарлари, нуронийлар, қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари ҳамда тегишли масъуллар иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, бугун қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ердан самарали фойдаланиш, ҳосилдорликни ошириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги чора-тадбирлар ўзининг амалий натижаларини бермоқда.

– Ғаллачилик нафақат қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоғи, балки халқ дастурхони тўкинлиги ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда стратегик аҳамиятга эга соҳалардан бирига айланди, – деди туман ҳокими. – Шу боис бугунги кунда ғалла етиштиришда илғор технологияларни жорий этиш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, уруғчиликни такомиллаштириш ҳамда меҳнат унумдорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аграр соҳадаги ислоҳотларнинг асосий мақсадларидан бири ҳам ер эгасининг манфаатдорлигини ошириш, фермер хўжаликларининг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш ва замонавий ёндашувлар асосида юқори ҳосил олиш учун зарур шароитларни яратишдан иборат.

Семинар давомида ерга илк уруғлар сепилди. Ушбу хайрли жараёнда ёши улуғ отахонлар дуо қилиб, янги мавсум баракали келишини, ҳосил мўл бўлиб, хирмонлар юксалишини ва белгиланган режалар ортиғи билан бажарилишини тиладилар.
А.Бўриев, ЎзА мухбири