Умуммиллий тотувлик – Янги Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги
Хорижда яшаётган ватандошлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, илмий, интеллектуал ва инвестициявий салоҳиятини мамлакат тараққиётига сафарбар этиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан биридир. Кўп миллатли юртимизда ўзаро ҳурмат ва тотувлик муҳитини таъминлаш самарали давлат бошқарувининг асоси саналади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари тинчлик ва ҳамжиҳатлик муҳитида яшаб келмоқда. Республика бўйлаб фаолият юритиб келаётган миллий маданий марказлар, дўстлик жамиятлари каби кўплаб ташкилотлар миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш йўлида хизмат қилмоқда.
Маълумки, юртимизда 30 июль – Халқлар дўстлиги куни сифатида кенг нишонланиб келинади. Ушбу сана муносабати билан ҳудудларда турли маънавий-маърифий тадбирлар, маданий фестиваллар, давра суҳбатлари, кўргазмалар ва дўстлик учрашувлари ташкил этилиб, мамлакатимиздаги бағрикенглик муҳити, миллатлараро тотувлик ва фуқаролик бирдамлигини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 мартдаги "Умуммиллий тотувлик ва хориждаги ватандошлар билан алоқаларни мустаҳкамлашни янги босқичга олиб чиқишга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони ҳамда "Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори муҳим аҳамият касб этади.
Дарҳақиқат, ҳужжатда белгиланган вазифалар миллатлараро муносабатларни ривожлантириш, халқ дипломатиясини қўллаб-қувватлаш ва хориждаги ватандошлар билан тизимли алоқаларни мустаҳкамлашнинг янги механизмини яратади.
Юртимизда миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш йўлида муносиб ҳисса қўшаётган инсонларнинг меҳнати доимо юксак эътироф этиб келинади. Ана шундай эътироф намуналаридан бири сифатида ҳар йили 30 июль – Халқлар дўстлиги куни муносабати билан "Халқлар дўстлиги" кўкрак нишони тантанали равишда топширилиши эзгу анъанага айланган.
Жорий йилда ҳам мамлакатимизда 70 нафарга яқин давлат ва жамоат ташкилотлари, миллий маданий марказлар, диний конфессиялар ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ушбу юксак мукофот билан тақдирланди. Улар ушбу эътирофга умуммиллий тотувликни мустаҳкамлаш, турли миллат ва элатлар ўртасида дўстлик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурмат муҳитини қарор топтириш йўлида қилган фидокорона меҳнатлари эвазига лойиқ кўрилди.

– Бу мукофотни шахсий ютуғим сифатида эмас, балки Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги жамоасининг кўп йиллик фидокорона меҳнати, таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги изчил саъй-ҳаракатларимизнинг эътирофи деб қабул қиламан, – деди “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони билан тақдирланган Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги директори Севара Шокирова. — Сўнгги йилларда агентлигимиз томонидан дунёнинг етакчи университетлари, халқаро таълим ташкилотлари ва хорижий ҳамкорлар билан самарали алоқалар йўлга қўйилди. Бугун ўқувчиларимиз дунёнинг нуфузли университетларида таҳсил олмоқда, устозларимиз эса илғор хорижий тажрибаларни ўзлаштириб, таълим тизимига татбиқ этмоқда. Ишонаманки, таълим соҳасидаги ана шундай ҳамкорлик халқлар ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ишончни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Дарҳақиқат, бу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизда тинчлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш билан бирга, Ўзбекистоннинг очиқ, бағрикенг ва жаҳон ҳамжамияти билан фаол ҳамкорлик қиладиган давлат сифатидаги нуфузини юксалтиришга хизмат қилади.
Марҳабо ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА