Умрини инсон саломатлигига бағишлаган шифокор
Шифокорлик — шунчаки касб эмас, инсон ҳаёти, унинг дарди ва умиди билан боғлиқ юксак масъулиятдир. Бу йўлда йиллар давомида орттирилган тажриба, касбий маҳорат билан бирга меҳр, сабр ва садоқат ҳам муҳим аҳамият касб этади. Зеро, шифокор учун энг катта мукофот — беморнинг соғайиши, одамлар ишончи ва дуосидир.
Мирзаобод туманидаги 17-оилавий поликлиника оилавий шифокори Ҳакимахон Холбекова ана шундай фидойи инсонлардан. Унинг тиббиёт соҳасидаги 43 йиллик фаолияти аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, касалликларнинг олдини олиш ва инсонларга малакали тиббий ёрдам кўрсатишга бағишланган.
Президентимизнинг Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан соҳа вакилларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисидаги фармонига мувофиқ, Ҳакимахон Холбекова II даражали «Саломатлик» ордени билан тақдирланди. Бу эътироф унинг кўп йиллик самарали меҳнати, касбига садоқати ва инсон саломатлиги йўлидаги хизматларига берилган муносиб баҳо бўлди.
Ҳакимахон Холбекова 1959 йил 15 ноябрда Гулистон туманида туғилган. Тиббиётга бўлган қизиқиши ва инсонларга ёрдам бериш истаги уни 1976 йилда Тошкент давлат тиббиёт институтига етаклади. 1982 йилда олийгоҳни тамомлаб, Сирдарё вилоят шифохонасида терапия йўналиши бўйича интернатура ўтади ва шифокорлик фаолиятини бошлади.
Кейинги йилларда Мирзаобод туман марказий поликлиникасида терапевт, У. Юсупов қишлоқ врачлик пункти мудираси, 13-оилавий поликлиникада умумий амалиёт шифокори сифатида ишлади. 2022 йилдан буён 17- поликлиникада оилавий шифокор вазифасини бажариб келмоқда.
— Ёшлигимдан инсонларга ёрдам бериш, уларнинг дардига малҳам бўлишни орзу қилардим. Шифокорлик касбини танлашимга ҳам айнан шу истак сабаб бўлган. Йиллар давомида бу касбнинг нақадар катта масъулият талаб қилишини англадим. Беморнинг соғайиб, ҳаётга қайтиши, одамларнинг ишончи ва дуосини олиш мен учун энг катта бахт. Шунинг учун танлаган касбимдан бир умр фахрланаман, — дейди Ҳакимахон Холбекова.
Унинг кундалик фаолиятида беморларни даволаш билан бир қаторда, профилактика ишлари ҳам муҳим ўрин тутади. Айниқса, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, касалликларни эрта аниқлаш, ёш авлод саломатлигини асрашга алоҳида эътибор қаратади.
Жумладан, мактаблар ва мактабгача таълим ташкилотларида тиббий кўриклар ўтказиш, болалар ўртасида оғиз бўшлиғи гигиенасига риоя қилиш ва кариеснинг олдини олиш бўйича тушунтириш ишларини олиб боришда фаол иштирок этади. Чунки болаликдан шаклланган соғлом турмуш тарзи келажакдаги саломатликнинг муҳим кафолатидир.
Поликлиника маълумотларига кўра, 2024–2025 йилларда 42 минг 51 нафардан зиёд аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилган. Текширувлар давомида касаллиги аниқланган фуқаролар амбулатор ва стационар шароитда даволаниб, уларни соғломлаштириш чоралари кўрилган.
Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш йўналишида ҳам муайян натижаларга эришилган.
Хусусан, 1 446 нафардан зиёд ҳомиладор аёл тиббий назоратга олинган, уларнинг 1 274 нафарида туғруқ қайд этилган. Бу жараёнда бўлажак оналар саломатлигини мунтазам кузатиш, зарур текширувларни ўтказиш ва хавф омилларини барвақт аниқлашга устувор аҳамият берилмоқда.
Ҳакимахон Холбекова аҳоли ўртасида тиббий маданиятни оширишни ҳам муҳим вазифа деб билади. Маҳаллалар, таълим муассасалари ва меҳнат жамоаларидаги учрашувларда соғлом овқатланиш, шахсий гигиена, касалликларнинг олдини олиш ҳамда мунтазам тиббий кўрикдан ўтишнинг аҳамиятини тушунтиради. Диспансер назоратидаги беморлар ҳолатини кузатиб бориш, уларга зарур тавсиялар бериш ҳам унинг кундалик иш фаолиятининг бир қисмидир.
Шу билан бирга, тиббиётдаги янгиликлар ва замонавий бошқарув усулларини амалиётга татбиқ этишга интилади. Хусусан, бирламчи тиббий-санитария ёрдами бригадалари фаолиятини рейтинг асосида баҳолаш стандартларини жорий этиш борасида ташаббускорлик кўрсатиб келмоқда. Бундай ёндашув тиббий хизмат сифатини ошириш, аҳоли эҳтиёжларини аниқлаш ва мавжуд муаммоларга ўз вақтида ечим топишда муҳим аҳамиятга эга.
Ҳакимахоннинг фикрича, тиббиётдаги энг самарали йўллардан бири — касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олишга кўпроқ эътибор қаратишдир. Бунинг учун эса ҳар бир инсон билан яқин мулоқот ўрнатиш, унинг мурожаатини эътиборсиз қолдирмаслик ва тиббий тавсияларни содда тилда тушунтириш зарур.
43 йиллик меҳнат йўли давомида тўпланган тажриба ва аҳоли ўртасида қозонган ҳурмат Ҳакимахон Холбекованинг касбига садоқатини намоён этади. Шу боис юксак давлат мукофоти ҳақидаги хабарни катта ҳаяжон ва қувонч билан кутиб олди.
— II даражали «Саломатлик» ордени билан тақдирланганимни эшитганимда жуда ҳаяжонландим. Бу мукофотни фақат ўз меҳнатимга берилган баҳо эмас, балки бирга ишлаган ҳамкасбларим, менга ишонч билдирган беморларим ва бутун тиббиёт жамоасига кўрсатилган эътибор сифатида қабул қилдим. Албатта, бундай юксак эътироф зиммамга янада катта масъулият юклайди. Бундан кейин ҳам бор билим ва тажрибамни инсонлар саломатлигини асрашга бағишлаш ниятидаман, — дейди шифокор.
Дарҳақиқат, давлат мукофоти — ўтган йиллар давомидаги меҳнатга берилган юксак баҳо, айни пайтда келгуси фаолият учун ҳам катта рағбатдир. Ҳакимахон Холбекова учун эса бу эътироф танлаган йўлида янада ғайрат билан ишлаш, ёш мутахассисларга тажриба ўргатиш ва беморлар ишончини оқлашга ундайдиган масъулиятдир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири