«Uzbekistan Airways» авиапарки янги самолёт билан тўлдирилди
«Uzbekistan Airways» акциядорлик жамияти мамлакатимиз фуқаро авиациясини ривожлантириш, ҳаво кемалари паркини янгилаш ҳамда йўловчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш борасидаги ишларни изчил давом эттирмоқда.
Ана шу саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодаси сифатида авиакомпания парки яна бир замонавий «Airbus A321neo» русумли самолёт билан тўлдирилди.
«Тошкент-Ҳумо» халқаро аэропортида янги ҳаво кемасини кутиб олиш муносабати билан ташкил этилган тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Улар авиалайнернинг техник имкониятлари, салон дизайни, йўловчилар учун яратилган қулайликлар ҳамда фойдаланишга оид ўзига хос жиҳатлари билан яқиндан танишди.
Илғор авиация технологиялари асосида ишлаб чиқарилган «Airbus A321neo» такомиллаштирилган техник кўрсаткичлари, ёқилғи тежамкорлиги ва парвоз самарадорлиги билан ажралиб туради. Унинг замонавий салони, қулай ўриндиқлари ҳамда мультимедиа тизими йўловчиларнинг манзилга мароқли ва ҳордиқ чиқарган ҳолда етиб бориши учун қўшимча имконият яратади.
[gallery-32641]
Мазкур ҳаво кемасининг авиапаркка қўшилиши парвозлар географиясини кенгайтириш, йўловчи ташиш салоҳиятини ошириш, мавжуд йўналишларда қатновларни ривожлантириш ҳамда хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилашга замин яратади.
Отабек МИРСОАТОВ (сурат), ЎзА