Суперлига: 14-тур қизғин ўтмоқда
Ўзбекистон Суперлигасининг 14-тур баҳслари давом этмоқда. Турнинг дастлабки тўрт учрашувида муросасиз кураш кечди.
Турнинг марказий баҳсларидан бири Тошкентда бўлиб ўтди. Унда мамлакатнинг икки гранди – «Бунёдкор» ва «Пахтакор» ўзаро куч синашди. Қизиқарли ва кескин руҳда кечган баҳсда «Пахтакор» минимал – 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб, муҳим уч очкони қўлга киритди.
Андижонда эса маҳаллий «Андижон» жамоаси «Бухоро»ни қабул қилди. Майдон эгалари ҳар икки бўлимда устунликни намойиш этиб, рақиб дарвозасига жавобсиз иккита гол урди ва 2:0 ҳисобида зафар қучди.
Олмалиқдаги баҳсда ОКМК «Машъал»ни 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Ушбу натижа орқали олмалиқликлар турнир жадвалидаги ўз мавқеини янада мустаҳкамлашга муваффақ бўлди.
Тошкентда бўлиб ўтган яна бир учрашувда «Локомотив» «Сўғдиёна» устидан 3:1 ҳисобида ғалаба қозониб, мухлисларини хурсанд қилди.
14-турнинг қолган учрашувлари 28–29 июль кунлари ўтказилади. Унда «Насаф» – «Қизилқум», «Хоразм» – «Сурхон», «Нефтчи» – «Навбаҳор» ҳамда «Динамо» – «Қўқон-1912» жамоалари ўзаро баҳс олиб боради.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА