Полвонларимизни жиддий синов кутмоқда
Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида спорт курашлари бўйича U17 жаҳон чемпионати қизғин паллага кирмоқда. Бугун юнон-рум кураши бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг беш нафар вакили гиламга чиқади.
Шу куни 45, 51, 60, 71 ва 92 килограмм вазн тоифаларида ғолиб ва совриндорлар аниқланиши учун саралаш баҳслари ўтказилади. Афрузбек Ибрагимов (45 кг), Бунёд Ҳасанов (51 кг), Садриддин Тўлқинбоев (60 кг), Қодиржон Фозилов (71 кг) ҳамда Миржалол Шавкатов (92 кг) ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.
Шунингдек, куннинг кечки дастурида яна бир ҳамюртимиз — 80 килограмм вазн тоифасидаги Абдулазиз Холмирзаев бронза медали учун ҳал қилувчи беллашувда иштирок этади. Ушбу учрашув ўзбекистонлик мухлислар нигоҳидаги асосий баҳслардан бири бўлиши кутилмоқда.
Қайд этиш жоиз, U17 жаҳон чемпионати 27 июлдан 2 августга қадар ўтказилмоқда.
Ўзбекистон терма жамоаси ёш полвонларининг жаҳон чемпионатидаги иштироки мамлакат кураш мактабининг янги авлод иқтидорларини халқаро майдонда синовдан ўтказиш йўлидаги муҳим босқичлардан бири ҳисобланади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА