Улкан бунёдкорлик ишлари инсон иродасининг маҳсулидир
Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида кейинги йилларда амалга оширилган жадал ислоҳотлар Янги Ўзбекистонда қурилишлар кўламини ошириб юборди ва қурилиш соҳаси миллий иқтисодиётнинг муҳим тармоғига айланди. Бу ҳар жиҳатдан моҳир қурувчи ва муҳандислар, уста ва меъморлар, лойиҳачи ва мутахассислар меҳнати ва маҳоратига боғлиқ.
Бундай улкан бунёдкорликлар нафақат муҳандислик ечими, балки инсон иродасининг маҳсулидир. Сўнгги ўн йилда амалга оширилган ишлар натижасида Навоий кон-металлургия комбинати юқори технологик саноат кластери мавқеини янада мустаҳкамлади. Йирик инвестицион лойиҳалар, катта қурилишлар ва саноатда олиб борилаётган технологик ўзгаришлар комбинатнинг ҳар томонлама ривожига ҳисса қўшмоқда. Бунда, кўп минг кишилик жамоа билан бир сафда моҳир қурувчиларнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Бу ҳақда “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ Бош директорининг инвестициялар ва капитал қурилиш бўйича ўринбосари Мирзабой Алқаров мухбиримиз билан бўлган суҳбатда қуйидагиларни гапириб берди.

– Қурилиш соҳаси масъулиятли, машаққатли ва шарафли касблардан биридир. Бу соҳада лойиҳани мукаммал ишлаб чиқишдан уни амалга оширишгача бўлган мураккаб жараён юқори сифат ва самарадорлик, фидойилик ва меҳнат, маҳорат ва тажриба талаб этади.
Бугун корхонамизда 3 минг нафардан ортиқ ишчи-ходим меҳнат қилади. Улар оддий бетон қуювчи ёки ғишт терувчилар эмас, балки замонавий саноат архитектурасини яратувчи, энг мураккаб технологик чизмаларни ҳаётга татбиқ этувчи юқори малакали мутахассислардир. Зарафшон қурилиш бошқармаси ана шундай профессионал жамоани жамлаган йирик қурилиш ташкилоти ҳисобланади. Бошқарма улкан ишлари билан нафақат НКМК, балки Янги Ўзбекистон саноат қурилишининг тажриба мактабига айланди.
Қурилиш соҳаси ўзининг кўп йиллик тарихига эга. Соҳа тарихи ва тараққиётини уч босқичга бўлиш мумкин. Биринчиси, комбинат илк ташкил топган йилдан то мустақилликкача бўлган даврдир. Иккинчи босқич 1991-2016 йилларни ўз ичига олади. Учинчи босқичга эса улкан тараққиёт даври бўлган сўнгги ўн йиллик киради.

Дарҳақиқат, комбинатда қурилиш соҳасига етмиш йил аввал пойдевор қўйилган. Айтишларича, илк иш бошлаган қурувчилар чодирларда яшаб, сувсиз ва йўлсиз саҳрода иш бошлаган. Ўша дастлабки пайтларда ҳозиргидек имкониятлар бўлмаган. Оқибатда, кончилик ва металлургия саноати, ижтимоий соҳа объектлари қурилишлари узоқ муддат давом этган. Бунинг сабаби: жиҳоз ва эҳтиёт қисмлар, мутахассислар четдан олиб келинган. Бошқарувда деярли маҳаллий кадрлар бўлмаган. Борлари ҳам оддий касбларда ишлаган. Бу ортиқча сарсонгарчиликлар, қурилишда узилишлар, таннархнинг сунъий ошиши ва бошқа сабабларни келтириб чиқарган.
Шундай бўлса-да, комбинатга асос солинган дастлабки йилларда 1- ва 2-гидрометаллургия заводлари, “Мурунтов” кони ва бошқа кон-шахталар, Амударёдан Қизилқумгача йирик сув иншооти, Навоий, Зарафшон, Учқудуқ, Нуробод шаҳарлари, Зафаробод қўрғони, бу масканларда кўплаб ижтимоий соҳа объектлари қурилган.
Бунёдкорлик ишлари ҳажми ортиши натижасида 1965 йилда Зарафшон қурилиш бошқармаси дастлаб Марказий кон бошқармаси таркибида қурилиш участкаси сифатида ташкил этилиб, 1967 йилдан алоҳида қурилиш-монтаж бошқармаси сифатида ўз фаолиятини давом эттирган. Унинг таркибида “Саноатэлектромонтаж” трести, “Навоий” қурилиш-монтаж бошқармаси ташкил этилди. Охирги ўн беш йилда улар йирик ва қудратли қурилиш ташкилотларга айланди.

Мустақиллик берган имкониятлар барча соҳаларда бўлгани каби қурилиш соҳасида ҳам янги даврни бошлаб берди. Комбинатда ҳам бир қатор қурилишлар амалга оширилди. Жумладан, 3-гидрометаллургия заводи қурилиши ва 1995 йилда фойдаланишга топширилиши, 2010 йилда 4-гидрометаллургия заводи барпо этилиши энг йирик лойиҳалардан бўлди. Айниқса, комбинат мутахассислари томонидан 4-гидрометаллургия заводининг четдан ҳеч қандай кўмаксиз ўн ойда қуриб, ишга туширилиши тарихий қадам бўлди ва ўзимизга бўлган ишончни оширди. Бу биз учун биринчи тажриба-синов эди.
2016 йилдан ҳозиргача бўлган босқичда эса қурилиш суръати кескин ошди. Бу даврда соҳага “Тезкор қурилиш” (Fast-track) усули жорий этилиши соҳада туб бурилиш ясади ҳамда одатда 4-5 йил давом этадиган завод қурилишларини 2-3 йил ичида якунлаш имконини берди. Айниқса, лойиҳалаш, ускуналарни етказиб бериш ва қурилиш ишлари бир вақтнинг ўзида олиб борилгани қурувчилардан юқори профессионаллик, фидойиликни талаб этди. Бунинг ҳисобига сўнгги ўн йилда амалга оширилган йирик лойиҳалар илгари корхона фаолиятида бўлмаган улкан натижаларни берди. Яъни, олтин ишлаб чиқариш ҳажми 2016 йилга нисбатан 35 фоизга, кумуш ишлаб чиқариш икки бараварга ошди. Қурувчи ва мутахассислар меҳнати ва салоҳияти билан қисқа даврда 3 та замонавий гидрометаллургия заводи, 2-гидрометаллургия заводининг 2-навбати, темир йўл ва бекатлар, кўплаб ижтимоий соҳа объектлари барпо этилгани қурилиш индустриясининг улкан техник салоҳиятга эга эканлигидан далолатдир. Бу лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига ёшларимиз учун 2016-2025 йилларда 18,8 мингта янги иш ўринлари яратилди.

Таъкидлаш керакки, гидрометаллургия заводларини қуриш оддий бино қуришдан тубдан фарқ қилади. Бундай заводлар оғирлиги юзлаб тонна келадиган тегирмонлар ва реакторларга мўлжалланган, махсус тебранишга чидамли мустаҳкам бетон пойдеворлар асосига қурилади ва минглаб тонна металл конструкцияларни юқори аниқликда йиғиш талаб этилади. Коммуникациялар ҳам ўта мураккаб. Жумладан, кимёвий реагентлар, кислоталар ва маъданли пульпа ҳаракатланиши учун километрлаб махсус қувурлар ётқизиш керак бўлади.
Шунингдек, Зарафшон шаҳрида “Умид” болалар реабилитация маркази, 504 ўринли ихтисослаштирилган мактаб-интернати, Фавворалар сайилгоҳи, “Тўдакўл” дам олиш базасида Халқаро шахмат мактаби, Зомин туманида “НКМК” санаторийси, Учқудуқ туманида “Олтинкўл” дам олиш мажмуаси ва бошқа ижтимоий объектлар бунёдкорларимиз меҳнати натижасидир. Бу объектларнинг барчаси кучли зилзилаларга бардошли бўлиб, хавфсизлик стандартларига тўла жавоб беради.
Амалга оширилган лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асослари, технологик ечимлари ўта мураккаб, ҳар бири ҳажм жиҳатидан ниҳоятда йирик эди. Лекин маҳаллий кадрлар, моҳир қурувчиларимизнинг фидокорона меҳнати, ақл-заковати, бой тажрибаси билан барча лойиҳани тез суръатларда, ҳар бирини муддатидан олдин фойдаланишга топширдик.

Жамоамизнинг яна бир катта ютуғи, бу 20 турдан ортиқ қурилиш материалларини корхонанинг ўзида ишлаб чиқаришни йўлга қўйилганлигидир. Ушбу саъй-ҳаракатлар импортни камайтириш, қурилишларга материалларни ўз вақтида етказиб бериш, таннархни камайтириш имконини бермоқда. Биргина, 2025 йилда ўзимизнинг бетон заводлари, ғишт ишлаб чиқариш цехлари ва металл конструкцияларни йиғиш майдончаларида жами 618,3 миллиард сўмлик қурилиш материаллари ишлаб чиқарилди.
Бугунги кунда корхона олдида янада улкан марралар турибди. Жумладан, “Мурунтов” конини ўзлаштиришнинг V босқич (2-навбати) ва бошқа муҳим инвестицион лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бунинг учун куч ва имкониятлар етарли. Энг муҳими, ҳар қандай вазифани уддалашга қодир тажрибали ва профессионал жамоа бор.
Суҳбатни ЎзА мухбири Абдували Бўриев ёзиб олди.