Украина Россияни тинчлик режимини бузишда айблади
Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига 6 майга ўтар кечаси жорий этилган “тинчлик режими” РФ томонидан бузилганини маълум қилди.
Унинг билдиришича, тун давомида мамлакат ҳудудига 3 та ракета ва 100 дан ортиқ дрон орқали зарба берилган. Ҳужум Харков ва Запорожье шаҳарларини ҳам қамраб олган. Ҳаво ҳимоя тизимлари 80 дан ортиқ дронни йўқ қилганига қарамай, айрим ҳудудларга жиддий зарар етган.

Украина фавқулодда вазиятлар хизмати Днепропетровск вилоятида тўрт киши ҳалок бўлганини маълум қилди. Яна ўнлаб инсон жароҳат олган. Суми вилоятида эса дрон зарбаси оқибатида яна бир фуқаро ҳалок бўлгани ошкор бўлди.
Киев мазкур “тинчлик режими”ни Россия томонидан 8–9 май кунларига таклиф этилган бир томонлама “май ойи сулҳи”га жавоб сифатида илгари сурганини билдирган эди. Россия томони тунги ҳужумлар юзасидан ҳали расмий муносабат билдирмаган.
Д.Ҳакимов, ЎзА